• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАЛАБАЛАР МОБИЛЛИГИ УЧУН ГЛОБАЛ АКАДЕМИК ҲАМКОРЛИК” БИРИНЧИ САММИТИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

2025 йил 27–28 октябрь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Жанубий Кореянинг нуфузли Кюнгдонг университети билан биргаликда “Талабалар мобиллиги учун глобал академик ҳамкорлик” Биринчи саммити бўлиб ўтмоқда.

Халқаро саммитда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган йигирмадан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари раҳбарияти вакиллари иштирок этмоқда.  

Шунингдек,  АҚШ, Финляндия, Бангладеш, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Покистон, Перу, Танзания, Уганда, Канада, Туркманистон, Эквадор, Россия Федерацияси, Афғонистон, Мексика, Япония, Жанубий Судан, Монголия, Беларусь ва Хитой каби мамлакатлардан 60 дан ортиқ нуфузли олийгоҳлар раҳбарлари, расмий делегация вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро тадбирда асосий эътибор олий таълим муассасалари талабаларининг глобал академик мобиллигини чегара билмас даражада ривожлантириш, таълим олиш имкониятини янада кенгайтириш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, бу йўлда кўп томонлама халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган устувор йўналишларга қаратилган.

Саммитнинг ялпи мажлисида сўзга чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мамлакатнинг узоқ муддатли ислоҳотлар йўналишини белгиловчи муҳим ҳужжати –  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида олий таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилганлигини қайд этди.

Жумладан, Стратегияда олий таълим билан қамровни кенгайтириш, таълим сифатини ошириш, барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларини халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини бозор талабларига мос равишда шакллантириш, шунингдек, рақамли таълим технологияларини кенг жорий этиш вазифалари белгиланган. Бу орқали Ўзбекистонда замонавий билимли, илмий салоҳиятга эга ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга кенг йўл очилиши кўзда тутилган.

Мазкур саммит илм-фан ва таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда академик интеграцияни ривожлантиришга қаратилган йирик мулоқот майдони сифатида ўз ишини давом эттирмоқда.

Тадбир иштирокчилари таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш орқали келгусидаги глобал ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, илмий билим ва тажриба алмашиш жараёнларини самарали ташкил этиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Саммит доирасида академик мобиллик, сунъий интеллект, энергетика таълими, яшил иқтисодиёт, агроинновациялар ва инклюзив таълим соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ТДИУ ва Кюнгдонг университети ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик доирасида ҳар ўқув йилида 60 нафар ТДИУ талабалари учун таълим грантлари ажратилган. Шунингдек, йил давомида 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчи Кюнгдонг университети қошида малака ошириш курсларини ўташ имкониятига эга бўлмоқда.

Ўтказилаётган “Талабалар мобиллиги учун глобал академик ҳамкорлик” Биринчи саммити Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, глобал илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва таълим орқали барқарор тараққиёт мақсадларига хизмат қилишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати