• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХИТОЙЛИК ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲАМКОРЛИК САФАРИ БУХОРОДА ДАВОМ ЭТДИ

Аввал хабар қилинганидек, бир гуруҳ хитойлик инвестор ва тадбиркорларнинг таклифлари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан уларнинг Ўзбекистонга ташрифи Бухоро вилоятида давом этди. Ташриф доирасида вилоятда бир қатор муҳим учрашув ва музокаралар ташкил этилди.

Хусусан, Бухоро вилояти ҳокимлигида “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов иштирокида хитойлик ишбилармон доира вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида меҳмонларга вилоятда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналарда хорижий инвесторларга қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилаётганлиги ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, инвестиция ҳажмига қараб, инвесторлар 3 йилдан 10 йилгача ер солиғи, мол-мулк солиғи, фойда солиғи ва ускуналар импорти учун божхона тўловларидан озод этилади.

Шунингдек, Бухоро вилоятига ташриф давомида хитойлик тадбиркорлар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида бизнес учрашувлари ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Ушбу мулоқотлар давомида Бухоро вилоятининг саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди. Хитой делегацияси аъзоларига қатор амалий инвестицион таклифлар тақдим этилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўринишлари муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестицион ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Жумладан, 2024 йил якунига келиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард АҚШ долларига етган. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этган. Жорий йилда эса бу борада янада салмоқли лойиҳа ва бизнес ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда, жумладан, автомобилсозлик, электромобилларни ишлаб чиқариш билан бирга “яшил” энергетика, нефть-газ, кимё, фармацевтика, металлургия, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида ҳамда логистика, “smart” қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани икки томонлама тенг манфаатли ҳамкорликка замин яратмоқда.

Ўзбекистон ва Хитойни азалдан Буюк Ипак йўлининг узвий ришталари боғлаб келган. Бугунги кунда “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожлантирилмоқда. Юртимизга хитойлик сайёҳлар оқимини инобатга олган ҳолда замонавий меҳмонхоналар, сайёҳлик инфратузилмалари ва парклар қуриш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Бухоро вилоятига сафар давомида ташкил этилган “B2B” форматидаги учрашувларда саноат зоналаридаги инфратузилма имкониятлари, янги лойиҳалар учун ажратилган ер майдонлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар учун қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация аъзолари Бухоро вилоятида фаолият юритаётган қатор қўшма корхоналарда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот турлари ва экспорт бозорлари билан танишдилар. Меҳмонларга саноат зоналарида мавжуд логистик ечимлар, муҳандислик тармоқлари, электр ва сув таъминоти ҳамда янги сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида амалий маълумотлар берилди.

Учрашувлар давомида хитойлик тадбиркорлар Бухоро вилоятидаги бизнес муҳити, инфратузилманинг ривожланиши ва давлат томонидан берилган қўллаб-қувватлаш чораларини юқори баҳоладилар. Делегация вакилларининг аксарияти ўз соҳалари бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш ва технологик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати