• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН – АҚШ: СТРАТЕГИК ИЗЧИЛЛИКДАН АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИККА
1560 | 29 Дек. 2025 й.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори

 

Жорий йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот икки давлат муносабатларида изчиллик ва барқарорлик мустаҳкам ўрин олганини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу мулоқот мазмун-моҳияти билан фақат навбатдаги дипломатик алоқа эмас, балки Ўзбекистон – АҚШ шериклиги сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини кўрсатди.

Суҳбат якуни АҚШ Президенти томонидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон — АҚШ муносабатларига “юқори даражада” деб берилган баҳо билан янада мустаҳкамланди. Бу эътироф етакчи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Энг муҳим жиҳат шундаки, мулоқот давомида аввал эришилган келишувларнинг амалий ижроси атрофлича муҳокама қилиниб, стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ устувор йўналишлар белгилаб олинди. Бу эса Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг декларатив баёнотлар доирасидан чиқиб, институционал ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамланган барқарор ҳамкорлик моделига ўтаётганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда давлат раҳбарлари даражасидаги сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви ўзаро ишонч муҳитини шакллантириб, иқтисодий ва инвестициявий қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам сиёсий пойдевор ҳозирлади. Бугун АҚШ Ўзбекистон учун технологиялар, сармоя, инновациялар ва инсон капитали соҳаларида муҳим стратегик шерик сифатида намоён бўлмоқда

Америка компаниялари иштирокида турли соҳаларда амалга оширилаётган йирик қўшма лойиҳалар инвестиция ҳажмини ошириш билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, илғор  технологияларни жорий этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар занжирини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда ҳудудлар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик механизмларининг йўлга қўйилиши иқтисодий дипломатияни марказдан жойларгача кенгайтириб, вилоятлар даражасида янги инвестиция ва саноат лойиҳаларини илгари суриш учун қўшимча имкониятлар очмоқда. Бу эса ислоҳотларнинг фақат марказий даражада эмас, балки ҳудудлар бўйича ҳам чуқурлашиб бораётганини кўрсатади.

Ҳозирги босқичда Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигидаги қатор стратегик йўналишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Биринчидан, инфратузилма ва транзит салоҳияти масаласи. Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаса-да, Ўзбекистон минтақадаги муҳим транспорт-логистика тармоғидир. АҚШ билан ҳамкорлик Транскаспий йўлагини ривожлантириш, “Шарқ — Ғарб” транспорт йўлакларини кенгайтириш, темир йўл ва порт инфратузилмасини интеграциялашга хизмат қилади.

Иккинчидан, қайта тикланувчи энергия ва саноат модернизацияси. Ўзбекистон 2030 йилгача энергия балансида қайта тикланувчи манбалар улушини 50 фоиздан оширишни мақсад қилган. Қуёш ва шамол энергетикаси, энергияни сақлаш технологиялари ҳамда водород ечимлари бўйича АҚШ билан ҳамкорлик саноатни янги технологик босқичга олиб чиқиши мумкин.

Учинчидан, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш масаласи. Бу хомашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, қўшилган қиймат занжирини мамлакат ичида шакллантириш, янги иш ўринлари очиш ва технологик мустақилликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бошқача айтганда, қиймат мамлакат ичида қолиши лозим.

Тўртинчидан, инсон капитали. “Инсон капитали — энг катта сармоя” тамойили Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигида алоҳида ўрин тутади. АҚШ университетлари, илмий-тадқиқот марказлари ва давлат бошқаруви институтлари билан ҳамкорлик мамлакатимиз учун замонавий билим, илғор тажриба ва рақобатбардош компетенциялар базасини шакллантиришда ғоят муҳим.

Шу билан бирга, хавфсизлик масалалари ҳам кун тартибидан тушгани йўқ. Афғонистондаги вазият минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу борада АҚШ билан мулоқот ва ҳамкорлик минтақада хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга ижобий ҳисса қўшиши мумкин.

Олий даражадаги телефон орқали мулоқот Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари чуқур мазмунга эга экани, стратегик барқарорлик ва аниқ амалий натижаларга қаратилган шерикликка айланганини яна бир бор намоён этди. Бу муносабатлар энди фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, иқтисодий ўсиш, технологик янгиланиш ва инсон тараққиётига хизмат қиладиган узоқ муддатли ҳамкорлик модели сифатида шаклланиб бормоқда.


1
Похожие новости