• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АКАДЕМИЯСИДА ЯНГИЛАНАЁТГАН “ЎЗБЕКИСТОН–2030” СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда янгиланаётган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбирда академик-профессорлар, ўқитувчи ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Муҳокама аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси проректори Алишер Умаров ҳамда марказ ижрочи директори Элдор Туляковлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар, хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш масаласи, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида амалдаги Стратегияда белгиланган вазифаларнинг кўлами, бажарилган ишлар, эришилган самарадорлик кўрсаткичлари, шунингдек, уни такомиллаштириш зарурати, кўзда тутилаётган юқори марраларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди.

Таъкидланганидек, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Унда Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ равишда инсон қадрини юксалтириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва халқ хизматига йўналтирилган давлатни барпо этиш асосий устувор мақсадлар сифатида белгиланди.

Стратегияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида тўпланган амалий тажриба шуни кўрсатдики, айрим мақсад ва вазифаларни янада аниқлаштириш, уларни йиллар кесимида режалаштириш, молиялаштириш манбалари ҳамда ижро учун масъулиятни очиқ белгилаш зарурати мавжуд. Жамоатчилик муҳокамалари, ҳудудлардан келиб тушган таклифлар ва ижро жараёнида аниқланган омиллар стратегияни такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирди.

– Ана шу асосда ишлаб чиқилган такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси амалдаги ҳужжатнинг мантиқий давоми бўлиб, унинг мазмунан ва услубан янги босқичини ифода этади. Энг аввало, стратегик ёндашувдаги асосий фарққа эътибор қаратмоқ лозим. Амалдаги стратегияда асосий мақсадлар ва устувор йўналишлар белгилаб берилган бўлса, такомиллашаётган таҳрирда ҳар бир мақсад аниқ йиллик индикаторлар билан боғланган. Масалан, амалдаги стратегияда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида қамровни кенгайтириш асосий вазифа сифатида белгиланган бўлса, такомиллашаётган стратегияда сифат, муҳит ва натижа биринчи ўринга чиқарилган. Жумладан, мактабгача таълимда болаларни қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш билан бирга, барча мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик суви ҳамда замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан 100 фоиз таъминлаш аниқ мақсад сифатида белгиланмоқда. Болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш ҳам йилма-йил кўрсаткичлар орқали таъминланмоқда, – деди Элдор Туляков.

Учрашув давомида Стратегия лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар, амалдаги ва янгиланаётган лойиҳадаги мақсадли самарадорлик кўрсаткичлари таҳлили бўйича тақдимот қилинди.

Иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди. Шунингдек, жамоатчилик муҳокамасида қатнашган Давлат бошқаруви академиясининг профессор-ўқитувчи ва тингловчилари, докторант-тадқиқотчилари ҳужжат лойиҳаси бўйича ўзларининг қатор таклиф ва ташаббусларини билдиришди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати