• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МУРОЖААТНОМАДА ИЛГАРИ СУРИЛГАН МАСАЛАЛАР КЕНГ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2026 йил 9 январь куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказида “Мурожаатнома – давлат сиёсати ва ислоҳотлар кун тартибини белгилаб берувчи стратегик дастур” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати вакиллари ҳамда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тадқиқот ва таҳлил марказлари экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мамлакатимизнинг келгуси тараққиётидаги стратегик аҳамиятини муҳокама қилиш, ундаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилишда парламент палаталари, маҳаллий Кенгашлар, маҳалла ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Президент Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш зарурлигини таъкидлаганларини қайд этиб, Стратегияни такомиллаштириш сабаблари ва аҳамияти, унинг халқ ҳаётига амалий таъсири ҳамда давлат бошқаруви, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда самарадорликни оширишдаги роли ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, янги таҳрирдаги ҳужжат лойиҳасида назарда тутилаётган асосий  кўрсаткичларга эътибор қаратиб, айни пайтда ўтказилаётган жамоатчилик муҳокамалари ва мазкур жараённинг Стратегияни янада такомиллаштиришдаги аҳамияти ҳақида гапирди.

– Стратегияни такомиллаштиришдаги энг муҳим тамойиллардан бири уни халқ билан кенг маслаҳатлашув асосида ишлаб чиқишдир. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиб, фуқаролар, соҳа мутахассислари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фикр ва таклифлари эътиборга олинмоқда. Чунки жамоатчилик қарашлари ўз ифодасини топган ҳужжатгина ҳаётий ва юқори самарага эга бўлади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш мавжуд ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уларни замон талабларига мослаштириш ҳамда аҳоли ҳаётидаги амалий натижаларини кучайтиришга қаратилган изчил жараён ҳисобланади. Энг асосийси, ушбу стратегия халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган умуммиллий тараққиёт дастури сифатида шакллантирилмоқда, – деди Элдор Туляков.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан кейинги йилларда парламентнинг давлат бошқарувидаги ролини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича муҳим ислохотлар олиб борилгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, уларда иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун катта молиявий ресурслар ажратилаётгани маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилаётгани тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Очиқ мулоқот форматида ўтказилган давра суҳбати якунида иштирокчиларнинг фикр ва таклифлар Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати