• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ИСТИҚБОЛ ЙЎЛИ УЧУН ЯНГИ ЧИЗГИЛАР
2052 | 13 Ян. 2026 й.

                                                                                                «Ўзбекистон – 2030» стратегияси нега такомиллаштирилмоқда?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ўтган даврда мамлакатимизда эришилган улкан натижалар, истиқбол учун белгиланаётган янги устувор вазифалар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси эълон қилинди. «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор ТУЛЯКОВ билан суҳбатимиз амалдаги Стратегияда белгиланган вазифалар кўлами, ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар, эришилган натижалар, шунингдек, уни такомиллаштириш зарурати ва кўзда тутилаётган масалалар хусусида бўлди.

– Элдор Собиржонович, 2023 йил 11 сентябрь куни Президент фармони билан «Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинган эди. Мана, икки йилдирки, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар тўла-тўкис бажарилиб келинмоқда. Қайд этиш керакки, бу ҳужжат жуда кенг қамровли бўлиб, ижтимоий турмушнинг барча жабҳаларини ўз ичига олган. Айтинг-чи, нима сабабдан ушбу ҳужжат янги таҳрирда қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилиши зарур?

– «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакат тараққиётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Унда янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ равишда инсон қадрини юксалтириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва халқ хизматига йўналтирилган давлатни барпо этиш асосий устувор мақсадлар сифатида белгиланди.

Бироқ бугунги кунда жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги тебранишлар, саноат ва технологияларнинг кескин ривожланиши, энергия бозорларидаги трансформация, глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши мамлакатимизда ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда.

Биргина мисол, юртимизда аҳоли сони тез суръатларда ўсиши, хусусан, 2023 йилда доимий аҳоли сони 36,7 миллионни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб, 41 миллионгача ошиши прогноз қилингани, урбанизация жараёнлари, бандлик ва даромадлар масалалари янги стратегик ёндашувларни тақозо этмоқда. Билим ва инновацияларга таяниладиган бугунги глобал рақобатда «рақамли иқтисодиёт», сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар бошқаруви каби соҳаларни ривожлантириш асосий масалага айланди.

Шунингдек, «Мақсад – ҳаракат – натижа» занжирига асосланган мутлақо янги стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилгани «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини янги талаблар асосида такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Стратегияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида тўпланган амалий тажриба шуни кўрсатдики, айрим мақсад ва вазифаларни янада аниқлаштириш, уларни йиллар кесимида режалаштириш, молиялаштириш манбалари ҳамда ижро учун масъулиятни очиқ белгилаш зарурати мавжуд. Жамоатчилик муҳокамалари, ҳудудлардан келиб тушган таклифлар ва ижро жараёнида аниқланган омиллар стратегияни такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирди.

Такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон –2030» стратегиясининг асосий мақсади «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғояни амалий мазмун билан бойитган ҳолда, мамлакатнинг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш йўлини янада самарали, салмоқли натижаларга йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришдир. Шу нуқтаи назардан, амалдаги стратегия доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ҳисобга олинмоқда ҳамда аниқ ўлчаш ва  баҳолаш имконини таъминлаш учун самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат – стратегия фуқаролар учун тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир инсон ундан ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда борлигини кўра олсин. Яъни стратегия умумий шиорлар эмас, балки кундалик ҳаётда сезиладиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши лозим. Стратегияда белгиланган ўрта муддатли мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари янги иқтисодий, ижтимоий ва технологик чақириқларга мос равишда янгиланмоқда. Шунингдек, ижрони мониторинг қилиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш, қарор қабул қилишда аниқ маълумотларга таяниш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган барча стратегик ҳужжатларни «Ўзбекистон – 2030» стратегияси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу давлат сиёсатининг яхлитлиги ва натижавийлигини таъминлайди.

Энг муҳим принципиал жиҳатлардан бири – стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилишидир. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари инобатга олинади. Чунки фақат жамоатчилик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжатгина ҳаётий ва самарали бўлиши мумкин.

– «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Янгиланаётган стратегияда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар келгусида экология ва атроф-муҳит ҳолатига қандай таъсир кўрсатади?

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётини барқарор ўсиш траекториясига олиб чиқди. Тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард долларга, хорижий инвестициялар 43,1 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга, олтин-валюта захиралари 60 миллиард долларга етди. Ишсизлик 4,9 фоизгача, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизгача қисқарди. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодий сиёсатининг изчиллиги ва ислоҳотларнинг самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Бироқ жаҳонда кечаётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги беқарорлик, геоиқтисодий хатарлар ва технологик инқилоб Ўзбекистондан янги ёндашувларни талаб этмоқда.

Янгиланган стратегияда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард долларга (160 миллиард доллар), аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 5 800 долларга (4000 доллар) етказиш, инфляцияни 5-6 фоиз даражасида ушлаб туриш ва давлат қарзини ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик аниқ мажбурият сифатида белгилаб қўйилган. Дунёда глобал иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши тобора кучайиб бораётганини инобатга олган ҳолда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг янгиланган таҳлилида «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини 25 минг МВтга етказиш, уларнинг электр энергияси генерациясидаги улушини 40 фоиздан 54 фоизгача ошириш кўзда тутилган бўлиб, бу энергия ишлаб чиқаришда зарарли чиқиндиларни камайтириш ва ҳаво ифлосланишини қисқартиришга хизмат қилади. Шунингдек, иссиқхона газлари интенсивлигини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга (30 фоиз) қисқартириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, транспорт соҳасида экологик тоза ва инновацион технологияларни жорий этиш доирасида енгил автомобиллар сегментида электромобиллар улушини 10 фоизгача ошириш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар орқали шаҳар муҳитида ҳаво сифатини яхшилаш, ёқилғи истеъмолини камайтириш ҳамда мамлакатнинг экологик барқарор ривожланишини таъминлаш мақсад қилинган. Унга эришиш натижасида иқтисодиётда янги иш ўринлари яратилиши жадаллашиб, ишсизлик даражаси пасаяди, аҳолининг меҳнат бозоридаги фаоллиги ва ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади.

– Такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш йўналишида қандай янги ёндашувлар назарда тутилган ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, оқова сувларни тозалаш, кўчат экиш, ерларни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган кўрсаткичлар амалдаги стратегиясидан қай жиҳатлари билан фарқ қилади?

– Экология ва атроф-муҳит соҳасида ҳам сезиларли фарқлар мавжуд. Шу боис, экологик масалаларга аҳоли саломатлиги, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий фаровонлик билан узвий боғланган ҳолда қаралмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ касалликларни камайтириш, экологик хавфларни пасайтириш ва соғлиқни сақлаш ҳамда экология соҳалари ўртасида интеграцияни кучайтириш янги ёндашув сифатида намоён бўлади. Масалан, атроф-муҳитга оқова сув чиқарувчи хўжалик юритувчи ташкилотларда локал оқова тозалаш иншоотлари қурилиши ва реконструкция қилиниши амалдаги Стратегияда 249 та корхонада белгиланган бўлса, янгиланаётганида 425 тани ташкил этади. Шунингдек, атроф-муҳитга таъсири юқори корхоналар зиммасига кўчатлар экиб, «яшил белбоғ»лар барпо этиш вазифаси юклатилган. Жорий ҳужжатда 30 миллион, таҳрир қилинаётганида эса 50 миллион туп кўчат экиш белгиланган. Ҳудудларда ерларни эрозиядан ва мелиорация объектларини қум кўчишидан сақлаш учун иҳота дарахтзорлар майдонини амалдаги 26 200 гектардан 30 055 гектарга етказиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, республикада сувдан оқилона фойдаланиш долзарб масалага айланмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларини томчилаб суғориш технологиясини 2030 йилга қадар 600 минг гектаргача етказиш белгиланган бўлса, эндиликда ҳар йили 500 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилган.

– Янгиланаётган ҳужжатда давлат бошқаруви тизимини аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган, очиқ ва рақамлашган тизимга айлантириш мақсадида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қандай ислоҳотлар назарда тутилган ҳамда композит ва проактив хизматлар ҳамда тартибтаомилларни соддалаштириш бўйича белгиланган янги кўрсаткичлар амалдаги стратегиядан қай жиҳатлари билан фарқ қилади?

– Мазкур лойиҳада давлат бошқаруви тизимини аҳоли эҳтиёжларига мос, шаффоф, рақамлашган ва самарали механизмга айлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада, энг аввало, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларнинг битта мурожаати асосида ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган икки ва ундан ортиқ давлат хизматлари мажмуаси ҳисобланган композит давлат хизмати ёки жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматларини ташкил қиладиган проактив давлат хизматлари кўламини кенгайтириш режалаштирилган.

Бугунги кунда 90 дан ортиқ хизматни проактив ва композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилган. Амалдаги стратегияда бундай хизматлар сонини 40 тага ошириш белгиланган бўлса, янгиланаётган стратегия лойиҳасида 400 тагача етказилиши назарда тутилмоқда. Натижада фуқароларнинг давлат органларига қайта-қайта мурожаат қилишига бўлган эҳтиёж камаяди, хизматларни автоматик тарзда, инсон омилисиз олиш имкониятлари кенгаяди ҳамда вақт ва харажатлар тежалади.

Қолаверса, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш масаласига ҳам устувор аҳамият берилган. Амалдаги таҳрирда 300 тага яқин тартиб-таомилларни соддалаштириш кўзда тутилган, янги таҳрирда ушбу кўрсаткич 500 тага яқин тартиб-таомилни қамраб олиши белгиланган. Бу эса давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигини оширишга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Мазкур ислоҳотлар давлат бошқарувини «фуқаро учун давлат» тамойили асосида қайта ташкил этиш, давлат хизматларини аҳолига яқинлаштириш ҳамда рақамли давлат моделини шакллантиришга мўлжалланган муҳим қадам сифатида намоён бўлади.

Умуман олганда, янгиланаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатни барқарор, рақобатбардош ва инсон манфаатларига йўналтирилган давлат сифатида ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар давомийлигини таъминлашни кўзда тутади. Унда глобал ўзгаришлар, демографик ўсиш, технологик тараққиёт ва жамият эҳтиёжлари чуқур таҳлил қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ мақсадлар, ўлчаб бўладиган индикаторлар ва амалий механизмлар белгилаб олинмоқда. Энг муҳим жиҳати, стратегияни такомиллаштириш жараёни халқ билан очиқ мулоқот, жамоатчилик муҳокамаси ва фуқаролик жамияти иштирокида амалга оширилаётгани билан аҳамиятлидир. Бу эса ҳужжатнинг ҳаётийлиги, самарадорлиги ва ҳар бир фуқаро ҳаётида сезиларли натижа беришда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда ушбу лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун uzbekistan2030.uz онлайн платформасига жойлаштирилган. Ҳамюртларимиз лойиҳа билан танишиб, «Fikr qoldirish» тугмаси орқали ўз таклифларини йўллашлари мумкин. Зеро, барча юртдошларимиз муҳокамаларда фаол иштирок этишса, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришса, мазкур ҳужжатнинг янада халқчил бўлишига ҳисса қўшган бўлишарди.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!


«Ishonch» мухбири
Анвар ҚУЛМУРОДОВ
суҳбатлашди


5
Похожие новости