• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БЎСТОНЛИҚДА “O‘ZBEKISTON – 2030” СТРАТEГИЯСИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида эришилган улкан ютуқлар, барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражасининг ошиши ҳамда ижтимоий соҳада қўлга киритилган муҳим натижаларни алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари замон талаблари, глобал ўзгаришлар ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини қайд этдилар.

Президент Мурожаатномасида ушбу стратегик ҳужжат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб бериши, уни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёни эса кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида, аҳолининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “O‘zbekiston – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш эълон қилинди. Ушбу жараён фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар, мутахассис ва экспертларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган бўлиб, стратегия мазмунини ҳаётий таклифлар билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида амалдаги Стратегияда белгиланган вазифалар ижроси, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, эришилган аниқ натижалар ва самарадорлик кўрсаткичлари, шунингдек, уни такомиллаштириш зарурати ҳамда келгуси даврда амалга оширилиши кўзда тутилаётган устувор йўналишлар юзасидан жойларда ҳам кенг тушунтириш ва муҳокама ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, шу мақсадда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг Бўстонлиқ тумани аҳолиси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар таҳлил қилиниб, унинг асосида ишлаб чиқилган “O‘zbekiston – 2030” стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳа, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар стратегиянинг такомиллаштирилган лойиҳасини янада мукаммал қилиш, уни аҳоли манфаатларига янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.