
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётини барқарор ўсиш траекториясига олиб чиқди. Тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард долларга, хорижий инвестициялар 43,1 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга, олтин-валюта захиралари 60 миллиард долларга етди. Ишсизлик 4,9 фоизгача, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизгача қисқарди. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодий сиёсатининг изчиллиги ва ислоҳотларнинг самарадорлигини яққол намоён этмоқда.
Бироқ жаҳонда кечаётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги беқарорлик, геоиқтисодий хатарлар, технологик инқилоб ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнлари Ўзбекистондан ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда. Шу боис “Ўзбекистон–2030” стратегиясини янгилаш, уни реал шароит ва узоқ муддатли мақсадларга мослаштириш долзарб вазифага айланди.
Янгиланаётган стратегия миқдорий эмас, балки сифат жиҳатдан янгича қарашни назарда тутмоқда. Мазкур стратегиянинг иқтисодий йўналиши доирасида иқтисодиётнинг таркибий ўзгариши, юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсиши устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Асосий мақсад — 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини камида икки баравар ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларни 5800 долларга чиқариш ҳамда Ўзбекистонни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритишдан иборат.
Аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш стратегик вазифа сифатида белгиланган. 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш, инфляция даражасини 5–6 фоиз атрофида барқарорлаштириш, консолидациялашган бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик ҳамда давлат қарзини 50 фоиздан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш режалаштирилган. Бу чоралар иқтисодиётнинг ташқи шокларга чидамлилигини ошириб, ижтимоий дастурлар ва инфратузилма лойиҳаларини узлуксиз молиялаштиришга хизмат қилади.
Иккинчи муҳим йўналиш солиқ-бюджет ва молиявий бошқарув тизимини ислоҳ қилишга қаратилган. Солиқ тушумларининг ЯИМдаги улушини 19,2 фоизгача ошириш, солиқ қарздорлигини ундириш даражасини 97 фоизга етказиш ва божхона тушумларининг ЯИМдаги улушини 6,5 фоизгача кўтариш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 52 та вазирлик ва идорани тўлиқ “дастурий бюджетлаштириш” тизимига ўтказиш орқали давлат харажатларининг самарадорлиги оширилади, ҳар бир бюджет сўмининг аниқ натижа бериши таъминланади.
Саноатни ривожлантириш ва юқори қўшилган қиймат яратиш стратегиянинг марказий йўналишларидан бири ҳисобланади. 2030 йилга қадар саноатда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,5 баравар ошириш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 36,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш ҳамда 2,5 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш, машинасозлик, электротехника, кимё ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг янги “драйвер” тармоқлари шакллантирилади. Бу, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Инвестиция муҳитини яхшилаш стратегиянинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини йиллик ўртача 7 фоизга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида эркин муомаладаги савдолар ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш ва 40 та давлат иштирокидаги корхоналарни “Халқ IPO”сига чиқариш режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг инвестиция жараёнларида иштирок этиши кенгаяди, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улуши эса 85 фоизгача ошиши кутилмоқда.
Янгиланган стратегияда “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини 25 минг МВтга етказиш, уларнинг электр энергияси генерациясидаги улушини 54 фоизга чиқариш ҳамда иссиқхона газлари интенсивлигини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартириш белгиланган. Бу экологик барқарорлик билан бирга, энергия хавфсизлиги ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда Фармон лойиҳасида назарда тутилган “мақсад – ҳаракат – натижа” тамойили ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Барча кўрсаткичлар рақамли платформа орқали доимий мониторинг қилиниб, улар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Бу давлат бошқарувида шахсий жавобгарликни кучайтиради ва ислоҳотларнинг амалий натижа беришини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси фақат улкан рақамлар ёки режалар йиғиндиси эмас. У ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати, барқарор иш ўринлари, даромадлар ўсиши ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс дастурдир. Мазкур стратегия Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.