• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИСТАНБУЛ ТИЖОРАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ҚЎШМА ТАШАББУСЛАР ВА ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Истанбул шаҳрига амалий ташрифи доирасида, 2021 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми ҳамда йўлга қўйилган ўзаро алоқалар асосида Истанбул Тижорат университети ректори, профессор доктор Нежип Шимшек ва Марказ раҳбари Элдор Туляков ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашув истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича атрофлича ва мазмунли фикр алмашиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади. Суҳбат жараёнида академик, таҳлилий ва институционал алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли ва амалий шерикликни ривожлантириш имкониятлари юзасидан батафсил мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, таълим, илмий-тадқиқот фаолияти, экспертлик мулоқоти, жамоат бошқаруви ҳамда ислоҳотлар таҳлили каби йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, университетнинг медиастудиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон–Туркия стратегик муносабатларининг бугунги суръати ва мазмуни ҳақида интервью берди. Марказ раҳбари ўз нутқида асосий эътиборни мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мазмун-моҳияти ҳамда икки қардош мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганининг аҳамиятига қаратди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар изчил равишда мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий шериклик, таълим, маданият, туризм ва гуманитар соҳаларда тобора янги мазмун билан бойиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, олий таълим муассасалари, илмий-академик доиралар ва таҳлилий марказлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Томонлар ушбу учрашув келгусидаги мулоқотлар, аниқ қўшма ташаббуслар ҳамда амалий ҳамкорлик лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин яратишини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни академик ҳамкорлик, институционал мулоқот ва халқлар ўртасидаги яқин алоқалар орқали янада ривожлантириш бундан буён ҳам устувор ва истиқболли йўналишлардан бири сифатида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати