• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИСТАНБУЛДА “ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ҲАМКОРЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗИЛДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Истанбулга ташрифи доирасида Марказнинг доимий ва фаол ҳамкорлари билан учрашувлар ташкил қилинди. Жумладан, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Туркиянинг “Мармара Груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди президенти доктор Аккан Сувер ва вице-президент жаноб Жафер Окрай билан учрашди.

Учрашувда муассасалар ўртасидаги мавжуд ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Яқин Шарқда кузатилаётган геосиёсий тарангликлар ҳамда жамғарма томонидан ҳар йили ташкил этиладиган ва халқаро мулоқот учун муҳим майдон саналадиган навбатдаги Евроосиё иқтисодий саммити масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Элдор Туляков “Мармара Груп” жамғармаси билан шаклланган кўп йиллик конструктив мулоқот, ўзаро ҳурмат ва самимий дўстлик муносабатларини юксак қадрлашини билдирди. Шунингдек, бундай учрашувлар институционал алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро англашувни чуқурлаштириш ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда томонлар давом этаётган мулоқотлар келгусида ҳам ўзаро ҳамкорликни, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Шунингдек, Истанбул ташрифи доирасида  “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвохид Азимов ҳамда унинг жамоаси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ўзаро манфаатли бўлган қатор масалалар, жумладан, минтақавий ҳамкорлик, институционал мулоқотни ривожлантириш ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий стратегик мақсадларга мос қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Келгусида самарали мулоқотларни изчил давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати