• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МТРК ЖАМОАСИГА ЯНГИЛАНГАН “ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ ТАҚДИМОТ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 21-сон Фармони юзасидан ўқув-семинар ўтказилди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, тизимдаги барча корхона-муассасалар директорлари, директор ўринбосарлари ҳамда ҳудудий телерадиоканаллар раҳбар ходимлари иштирок этди.

Қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш жараёнини самарали ёритиш, унинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳолига мазмун-моҳиятини кенг етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, мазкур ўқув-семинар ОАВ вакилларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Гибрид форматда ўтказилган тадбирда  “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов телерадиокомпания жамоасига янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари ва мақсадлари бўйича тақдимот қилди.

Таъкидландики, Стратегиядан 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсад ва уларга эришиш бўйича 437 та самарадорлик кўрсаткичи ўрин олган бўлиб, мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг ўрта муддатга мўлжалланган тараққиёт йўлини белгилайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, тақдимотда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти  батафсил ёритиб берилди. Жумладан, таълим тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, инсон капитали ривожи, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ижтимоий соҳаларда адолатли ҳамда самарали тизимни шакллантириш бўйича белгиланган вазифалар аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Ўқув-семинар давомида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамият билан мулоқотни кучайтириш ҳамда қарорлар қабул қилишда натижадорликка эътибор қаратиш каби масалалар муҳокама қилинди. Ўз навбатида, ислоҳотларни амалиётга самарали татбиқ этишда идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва масъулиятни ошириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда иштирокчилар “Ўзбекистон – 2030” стратегиянинг мазмун-моҳияти, шу билан бирга, ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш, уларнинг натижадорлигини ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати