• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

РЕНЕССАНС ТАЪЛИМ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 30 апрель куни Ренессанс таълим университетида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокида “Ёшларга оид давлат сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалар қатнашди.  

Мулоқот аввалида Ренессанс таълим университети ректори Шоҳруҳ Нуралиев мамлакатда амалга оширилаётган стратегия ва ислоҳотлар давлат тараққиётининг барча йўналишларини қамраб олаётганини таъкидлаб, ушбу жараёнларда ёшларнинг фаол иштироки ва уларнинг ташаббускорлиги алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.

Учрашув давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков талабаларга мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати, шунингдек таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида маълумот тақдим этди.

Шунингдек, Марказ раҳбари янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган энг муҳим мақсад ва самарадорлик кўрсаткичларига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Стратегияда ёшларни замонавий касблар ва чет тилларига ўқитиш тизимини яратиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва илмий фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш, шунингдек, ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш каби мақсадлар муҳим ўрин тутади. Мазкур мақсадлар доирасида  ўнлаб самарадорлик кўрсаткичлари, хусусан:

  • “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни бепул (онлайн) ўрганувчи ёшлар сонини 7 миллион нафарга, сунъий интеллект орқали замонавий касблар ва фанларни ўрганувчи ёшлар сонини эса 3 миллион нафарга етказиш;
  • ҳар йили 500 нафаргача истеъдодли ёшлар ва иқтидорли мутахассисларни Топ-100 ва Топ-300 талик рўйхатга (QS, TНE) кирадиган хорижнинг нуфузли олий таълим ташкилотларида ўқишини ташкил этиш;
  • ёшларнинг ишсизлик даражасини 8 фоизгача тушириш;
  • 400 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш;
  • ҳар йили 50 минг нафар мактаб ўқувчиларини халқаро IT бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўргатиш;
  • IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланган. 

Самимий ва очиқ руҳда, қизғин муҳокамалар ҳамда мазмунли савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашув давомида талабаларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақидаги хабардорлиги янада ошди.

Мазкур мулоқот ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни ислоҳотлар жараёнига янада фаол жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати