• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ННТЛАР ИШТИРОКИДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Сирдарё вилоятида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2026 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 18–21 май кунлари ташкил этилаётган мазкур тадбирлардан асосий мақсад – стратегия ва давлат дастурларида белгиланган устувор йўналишларни аҳолига кенг тушунтириш, жойлардаги ижро жараёнларини ўрганиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги иштирокини кучайтиришдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сонли “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 83-мақсадида эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада кенгайтириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш бўйича вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ҳудудларда жамоатчилик мониторинги ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Хусусан, 18 май куни Сирдарё вилояти Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйида марказ экспертлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек, уларни жамоатчилик мониторинги жараёнларига кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат дастурлари ижроси жараёнларига фаол жалб қилиш орқали бу соҳада иштирок этувчи ташкилотлар сонини босқичма-босқич ошириш, уларнинг ташаббускорлиги ва ижтимоий фаоллигини кучайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларга стратегик режалаштириш ҳужжатлари, ННТларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, ҳамкорлик механизмлари ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича тушунчалар берилди. Тадбир очиқ мулоқот, амалий таклифлар ва фикр алмашинувларга бой тарзда ўтди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати