• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШАНХАЙНИНГ ЕТАКЧИ ИЛМИЙ-ТЕХНОЛОГИК ВА ТИББИЙ МУАССАСАЛАРИГА ТАНИШУВ ТАШРИФЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Ўзбекистон делегациясининг Шанхай шаҳрига ташрифи доирасида «Midea» корпорациясининг асосий илмий-технологик ва ишлаб чиқариш марказларидан бири ҳисобланган Глобал инновациялар паркига ташриф амалга оширилди.

Парк фаолияти билан танишув давомида делегация аъзоларига компаниянинг асосий фаолият йўналишлари, ишлаб чиқариш салоҳияти, инновацион ишланмалари, шунингдек маиший техника, иқлим жиҳозлари, вентиляция ва кондиционерлаш тизимларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Айниқса, ишлаб чиқариш жараёнларининг турли босқичларида қўлланилаётган замонавий автоматлаштирилган линиялар, роботлаштирилган мажмуалар ҳамда сунъий интеллект асосидаги илғор ечимлар намойиши делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Компания вакиллари делегацияни «ақлли» ишлаб чиқариш, рақамли бошқарув ва маҳсулотларнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳаларида жорий этилаётган инновацион технологиялар билан ҳам таништирдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси сунъий интеллект соҳасидаги ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича Хитойнинг етакчи илмий-технологик платформаларидан бири ҳисобланган Шанхай сунъий интеллект илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрди.

Ташриф давомида делегация аъзоларига институтнинг ташкил этилиш тарихи, фаолиятининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, институтнинг мамлакатда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларига инновацион технологияларни жорий этишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Институт мутахассислари делегацияни сунъий интеллект, катта маълумотлар (Big Data), машинали ўқитиш ва интеллектуал бошқарув тизимлари соҳасидаги илғор ишланмалар ҳамда технологик ечимлар билан таништирдилар. Мазкур технологияларнинг саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, шаҳар бошқаруви, таълим ва жамоат хавфсизлиги соҳаларидаги амалий қўлланилиши намойиш этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари модда алмашинуви билан боғлиқ касалликларни ташхислаш, профилактика қилиш ва даволаш соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда клиник фаолият юритувчи ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидан бири бўлган Метаболик касалликлар тадқиқотлари марказига ташриф буюрдилар.

Ташриф чоғида делегация аъзоларига марказнинг ташкил топиш тарихи, ривожланиш босқичлари ҳамда илмий ва тиббий фаолиятининг замонавий йўналишлари ҳақида маълумот тақдим этилди. Айниқса, қандли диабет, семириш ва бошқа сурункали юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва даволашга қаратилган комплекс ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ мутахассислари делегацияни замонавий ташхис ва даволаш усуллари, шунингдек тиббий хизматлар кўрсатиш тизимига илғор тиббий технологияларни жорий этиш тажрибаси билан таништирдилар. Муассасада даволаш жараёни самарадорлигини ошириш ва тиббий хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида рақамли ечимлар ҳамда инновацион ёндашувлардан кенг фойдаланилаётгани таъкидланди.


“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати