• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ЎЗБEКИСТОН – 2030” СТРАТEГИЯСИ БЎЙИЧА ЎҚУВ-СEМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 12-июн куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида Ўқув, тадқиқот ва таҳлил маркази ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида миллий тараққиёт ва ривожланиш истиқболлари мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Мазкур ўқув-семинар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш, стратегик ривожланишнинг устувор йўналишларини таҳлил қилиш ҳамда иштирокчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.

Семинарда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, мамлакат тараққиётининг янги босқичидаги белгиланган вазифалар ҳамда стратегияни амалга оширишнинг амалий механизмлари юзасидан тақдимот қилди.

Жумладан, Стратегияда белгиланган иқтисодий ўсишни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудлар салоҳиятини янада юксалтириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий ва самарали давлат бошқаруви тизимини шакллантиришга қаратилган устувор йўналишлар бўйича маълумот берди.

Шунингдек, маърузада мамлакатимизда эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги янги вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгани, аҳоли фикр-мулоҳазалари асосида янгилангани алоҳида таъкидланди. Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор ушбу ҳужжатда белгиланган янги мақсад ва вазифалар, уларнинг амалга оширилиш механизмлари ҳамда бу жараёнда сиёсий партиялар ва депутатларнинг ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, 2023-йилда қабул қилинган стратегияни такомиллаштириш ва янгилашга бир қатор омиллар сабаб бўлган. Хусусан, айрим иқтисодий кўрсаткичларга белгиланган муддатдан олдин эришилгани, аҳоли сонининг жадал ўсиши натижасида мавжуд вазифа ва мақсадларни қайта кўриб чиқиш ҳамда янги марраларни белгилаш зарурати юзага келган.

Мисол тариқасида, аввал ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030-йилга қадар 160 миллиард долларга етказиш режалаштирилган бўлса, бугунги иқтисодий ўсиш суръатлари ушбу кўрсаткичга кутилганидан олдинроқ эришиш имконини бермоқда. Шу боис янгиланган стратегияда ЙИМ ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган.

Тадбир давомида “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлари янгиланган стратегиянинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш” йўналишида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш ва парламент назоратини кучайтиришда фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди. Чунки ушбу йўналишдаги вазифаларнинг аксарияти партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари билан ҳамоҳангдир.

Хусусан, мактабгача таълим қамровини 80 фоиздан ошириш, китобхон ёшлар улушини 50 фоизга етказиш, хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга олиб чиқиш ҳамда 112 та маданий мерос объектини асраш ва тиклаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, янги давр тараққиёт моделининг асосий тамойиллари, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий сектор улушини кенгайтириш, инновацион ривожланишни қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш каби масалалар юзасидан таҳлилий мулоҳазалар билдирилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, Стратегиянинг жойлардаги ижроси, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан экспертнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.

Ўқув-семинарда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратишга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат экани алоҳида таъкидланди. Тадбир давомида иштирокчилар стратегик ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг амалга оширилиш механизмлари ҳамда кутилаётган натижалар юзасидан керакли маълумотларга эга бўлиб, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари бўйича ўз билим ва тасаввурларини янада бойитдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати