• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЖИЗЗАХДА “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 15-18 июнь кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг мазмун-моҳияти ва вазифаларини аҳолига етказиш мақсадида Жиззах вилоятида мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилиб, унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, асосий мақсадлари, устувор вазифалари ва уни амалга ошириш механизмлари юзасидан маълумот берди.  

Учрашувда Стратегия мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат экани, унда белгиланган ҳар бир мақсад ва вазифанинг ижроси аниқ натижаларга йўналтирилгани таъкидланди.

Алоҳида қайд этилганидек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини такомиллаштириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ҳамда жавобгарлигини янада аниқ белгилаш масаласига устувор аҳамият қаратилди. Ҳар бир мақсад бўйича масъул давлат органлари, раҳбарлар ва ижро механизмларининг аниқлаштирилиши Стратегиянинг амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Энг муҳими, ҳар бир белгиланган мақсад бўйича аниқ натижа, унинг аҳоли ҳаётига таъсири ва ҳудудлардаги реал ўзгаришлар асосий мезон бўлиши лозим.

Шу маънода, раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, ижрони мунтазам таҳлил қилиб бориш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш мамлакат миқёсида турли тармоқ ва соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг умумий йиғиндиси билан белгиланади. Бироқ бу жараёнда ҳудудлардаги ислоҳотларнинг натижадорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Чунки ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси, аввало, вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла даражасида, одамларнинг кундалик ҳаётида намоён бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, тадбиркорлик, инфратузилма, ижтимоий хизматлар, экология ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлар ҳар бир ҳудудда бирдек сезилмас экан, умуммиллий мақсадларга тўлиқ эришиш қийин бўлади.

Шу боис ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари Стратегия вазифаларини фақат юқоридан туширилган топшириқ сифатида эмас, балки ҳудуд тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги учун шахсий масъулият сифатида қабул қилиши зарур.

Ҳар бир раҳбар ўз йўналишидаги мақсадларни чуқур англаши, уларни ҳудуднинг аниқ эҳтиёжлари билан боғлаши, мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиши ва натижага эришиш учун барча имкониятларни сафарбар этиши лозим.

Шунингдек, Стратегиянинг ҳар бир мақсади ҳудудий дастурлар, тармоқ режалари ва аниқ чора-тадбирлар билан уйғунлаштирилиши, ижро ҳолати эса холис ва танқидий асосда мунтазам муҳокама қилиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати