• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҒАЛЛАОРОЛДА МАҲАЛЛА ФАОЛЛАРИ БИЛАН “ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ ЮЗАСИДАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида маҳалла раислари ва  фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, янгиланган “Ўзбекистон — 2030 стратегиясининг мазмун-моҳияти, асосий мақсад ва устувор вазифалари ҳақида маълумот берди.

Учрашув давомида мазкур стратегик ҳужжатнинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти, уни янгилаш заруратини юзага келтирган ички ва ташқи омиллар хусусида сўз юритилди. Хусусан, жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши, иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортиб бориши давлат олдига янги вазифаларни қўяётгани таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси замон талаблари ва халқимизнинг кундалик эҳтиёжларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилди. Унинг мақсадлари янада аниқлаштирилиб, ҳаётийлиги ва халқчиллиги кучайтирилди. Энг муҳими, белгиланган вазифаларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш, ҳар бир мақсад бўйича масъулларни белгилаш, ижрони рақамли мониторинг қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.

Учрашувда Стратегиянинг инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, сифатли таълим ва тиббий хизматларни таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш, сув ресурсларини тежаш, экологик барқарорликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган асосий мақсадлари ҳақида маълумот берилди.

Алоҳида таъкидланганидек, Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши фақат марказий давлат органларининг фаолиятига эмас, балки ҳудудлар, туманлар ва, энг аввало, маҳаллалардаги тизимли ишларга ҳам бевосита боғлиқ.

Чунки маҳалла — аҳолининг эҳтиёжлари, муаммолари ва ташаббуслари энг яққол намоён бўладиган муҳим ижтимоий институтдир. Одамларни қийнаётган масалаларни маҳалланинг ўзида аниқлаш, уларнинг ечимини масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда таъминлаш ҳамда аҳолини ислоҳотларга фаол жалб этишда маҳалла раислари ва маҳалла еттилигининг ўрни беқиёсдир.

Ислоҳотлар қуйи бўғиндан бошланиб, юқори даражагача ўзаро уйғун ва тизимли тарзда амалга оширилгандагина кутилган реал натижага эришиш мумкин. Стратегияда белгиланган мақсадлар ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётида ўзининг ижобий ифодасини топиши зарур.

Шу боис маҳалла еттилиги нафақат аҳолининг муаммоларини ўрганувчи, балки Стратегия мақсадларини жойларда амалга оширувчи, жамоатчилик назоратини таъминловчи ва аҳолининг ташаббусларини давлат органларига етказувчи муҳим бўғин бўлиши лозим.

Мулоқот давомида маҳалла раислари ва фаоллари томонидан аҳоли бандлиги, инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг ҳар бири ҳудудларни ривожлантириш ва Стратегия мақсадларини амалга ошириш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг натижаси ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётида намоён бўлиши лозим. Бунинг учун давлат органлари, маҳалла институтлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги, шунингдек, аҳолининг ислоҳотлардаги фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмат