• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АНҚАРАДА “МАРКАЗИЙ ОСИЁ — ТУРКИЯ: ЎЗГАРУВЧАН ДУНЁДА МУШТАРАК КЕЛАЖАК” ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

2026 йил 18 июнь куни Анқара шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё — Туркия: ўзгарувчан дунёда муштарак келажак” мавзусида халқаро экспертлик форумида Ўзбекистон делегацияси, жумладан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.  

Форум Ўзбекистоннинг Халқаро Марказий Осиё институти, Туркиянинг SETA жамғармаси ҳамда Ҳасан Калёнжу университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан давлат идоралари, дипломатик корпус, етакчи таҳлил марказлари, академик доиралар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари қатнашди.

Форумнинг асосий мақсади Марказий Осиё давлатлари ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболлари ва устувор йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, энергетика, технологиялар, таълим ва инсон капитали соҳаларида амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбирнинг очилиш қисмида SETA жамғармаси Бош координатори профессор Неби Миш, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари — Халқаро Марказий Осиё институти директори Жавлон Вахабов, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Илҳом Ҳайдаров ҳамда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси профессор Уфук Улуташ сўзга чиқди.

Форум доирасида тўртта тематик сессия ташкил этилди. Уларда иқтисодий шериклик ва инвестициялар, технологиялар, тоза энергетика ва муҳим минераллар, инфратузилма ва транспорт боғлиқлиги, шунингдек, инсон капитали, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

“Иқтисодий шериклик ва инвестициялар: савдо, инвестиция ва корпоратив ҳамкорликни кенгайтириш” мавзусидаги биринчи панел сессиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза қилди.

Марказ раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари бугун сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик савдо, инвестиция, энергетика, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, рақамли технологиялар ва тўғридан-тўғри корпоратив алоқаларни қамраб олмоқда.

Таъкидланганидек, 2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб икки баробарга ўсиб, 2025 йилда 3 миллиард АҚШ долларига етган. Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсади белгиланган.

Элдор Туляковнинг қайд этишича, ушбу мақсадга эришиш учун ҳамкорликни оддий “харидор — сотувчи” муносабатларидан қўшма ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, интеграциялашган қиймат занжирлари ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш моделига ўтказиш зарур.

Маърузада “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимиз 2030 йилга қадар олтиндан ташқари экспорт ҳажмини ҳар йили камида 15 фоизга ошириш, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказишни мақсад қилгани алоҳида қайд этилди.

Шу муносабат билан Туркиянинг тўқимачилик, маиший техника, автомобилсозлик компонентлари, машинасозлик, қурилиш материаллари, кимё, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатидаги тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Элдор Туляков экспортбоп иқтисодиёт бир нечта йирик компаниялар билан чекланиб қолмаслиги, балки минглаб кичик ва ўрта корхоналар, ҳудудий ишлаб чиқарувчилар, аграр сектор ва хизмат кўрсатиш субъектлари иштирокини талаб этишини қайд этди. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Туркия компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри B2B алоқаларни кенгайтириш, рақамли саноат кооперацияси платформаларини йўлга қўйиш, қўшма лабораториялар, сертификатлаш марказлари ва техник ўқув дастурларини ташкил этиш таклиф этилди.

Марказ раҳбари импорт сиёсатига стратегик ёндашув муҳимлигини таъкидлаб, импортни чеклаш эмас, балки технологиялар, ускуналар ва хизматлар орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш воситасига айлантириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, саноатда юқори қўшилган қиймат яратиш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат, энергетика ва рақамли хизматлар соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Маърузада урбанизация жараёнлари, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантиришда Туркия тажрибасидан фойдаланиш, шунингдек, туризм, таълим, тиббиёт, молия, финтех ва киберхавфсизлик каби хизматлар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Транскаспий ва Ўрта коридор йўналишларининг стратегик аҳамияти қайд этилиб, транспорт-логистика тизимини рақамлаштириш ва божхона жараёнларини соддалаштириш зарурлиги таъкидланди.

Маъруза якунида Элдор Туляков Ўзбекистон — Туркия иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича бешта амалий устувор йўналишни илгари сурди. Улар қаторида аниқ қиймат занжирлари ва лойиҳаларни қамраб олган тармоқлар кесимидаги саноат йўл хариталарини ишлаб чиқиш, юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича қўшма дастурни йўлга қўйиш, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, логистика, қурилиш ва урбанизация бўйича қўшма кун тартибини шакллантириш ҳамда замонавий хизматлар соҳасида кенг қамровли шерикликни ривожлантириш таклиф этилди.

Форум якунида иштирокчилар Марказий Осиё ва Туркия ўртасидаги муносабатлар бугун анъанавий давлатлараро мулоқот доирасидан чиқиб, чуқур таҳлилий ёндашув, стратегик прогнозлаш ва доимий экспертлик қўллаб-қувватлашни талаб этаётганини таъкидладилар.

Тадбир давомида билдирилган таклифлар ва экспертлик хулосалари келгусида Марказий Осиё — Туркия мулоқоти доирасида амалий ташаббуслар, қўшма тадқиқотлар ва сиёсий тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати