• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЯҚИН ШАРҚ ТАДҚИҚОТЛАРИ МАРКАЗИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ЙЎНАЛИШЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Анқара шаҳрида Ўзбекистон делегацияси вакиллари ORSAM — Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази президенти профессор Кадир Темиз билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий жараёнлар бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, экспертлик мулоқотларини ривожлантириш ҳамда илмий-амалий тадбирларни биргаликда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар кейинги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати мамлакатнинг Марказий Осиё, Туркия ва Яқин Шарқ давлатлари билан алоқаларини сезиларли даражада фаоллаштирганини таъкидладилар. Бу эса минтақада кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни чуқур таҳлил қилиш, янги имкониятлар ва тенденцияларни ўрганишга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда.

Учрашувда Яқин Шарқ бўйича таҳлилий материаллар, экспертлик хулосалари ва амалий тавсиялар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ORSAMнинг бой илмий-таҳлилий тажрибаси ва минтақавий экспертлик салоҳияти икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, қўшма тадқиқотлар тайёрлаш, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш, таҳлилий нашрлар чоп этиш ҳамда экспертлар алмашинувини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Марказий Осиё, Туркия, Яқин Шарқ ва кенг Евроосиё маконидаги геосиёсий жараёнларни биргаликда таҳлил қилиш, ўзаро манфаатли алоқаларни изчил давом эттириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати