• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФАРҒОНАДА “ЎЗБEКИСТОН — 2030” СТРАТEГИЯСИ ДОИРАСИДА ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИ ЎРГАНИЛДИ

Фарғона вилоятида ўтказилаётган мониторинг тадбирлари доирасида ҳудудда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган туризмни ривожлантиришга оид устувор вазифалар ижроси ўрганилди.

Хусусан, Стратегияда 2030 йилга қадар туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга, туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларга, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, ички туризм сафарларини эса 25 миллионтага етказиш, замонавий туризм инфратузилмасини кенгайтириш ва янги туризм кластерларини ривожлантириш вазифалари белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида мажмуада зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳлар учун яратилган шароитлар, хизматлар сифати, миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

35 гектар майдонда миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган ушбу мажмуа таркибида Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис объектлари фаолият юритмоқда. Мажмуа буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини кенг тарғиб этиш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда Фарғона водийсининг зиёрат туризми салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Мониторинг якунида ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини кучайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати