• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФАРҒОНАДА НОДАВЛАТ ТИББИЙ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон капиталини ривожлантириш, олий таълим сифатини ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Стратегияга мувофиқ, 2030 йилга қадар ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга, бир йил ичида доимий иш билан таъминланган битирувчилар улушини 65 фоизга, иш берувчилар томонидан ижобий баҳоланган битирувчилар улушини 70 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сонини 200 тага, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини эса 70 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ушбу мақсадларга эришишда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Фарғона шаҳридаги Central Asian Medical University (CAMU) фаолияти билан танишди.

Мониторинг давомида университетда тиббиёт соҳаси учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор ёндашувларни жорий этиш, илм-фан ва клиник амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш борасида яратилган шароитлар ўрганилди.

Шунингдек, университетнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари, халқаро аккредитация жараёнлари ҳамда Жаҳон тиббиёт мактаблари каталоги (WDOMS) рўйхатидан ўрин олгани олий таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш йўлидаги муҳим омиллардан бири экани қайд этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати