• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Риштон ва Фарғона шаҳрида Давлат дастури ижроси ўрганилди

Жорий йилнинг 17 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ишчи гуруҳи томонидан «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили Давлат дастури ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва Фарғона шаҳрида ўрганилди.
Мониторинг жараёнида Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ҳудудлардаги ижроси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, ижтимоий объектларда яратилган шарт-шароитлар ҳамда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.
Риштон туманидаги тиббиёт муассасаларида рақамли технологиялар, хусусан, ДМЕД ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши ва унинг аҳоли учун яратаётган қулайликлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. “Люкс Текс” МЧЖ фаолияти билан танишилиб, ишлаб чиқариш қувватлари, яратилган иш ўринлари ҳамда корхона самарадорлиги билан танишилди.
Таълим муассасаларидаги мониторинг доирасида 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болалар учун яратилган шароитлар ва тоза ичимлик суви таъминоти ҳолати баҳоланди. 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида эса таълим сифатига таъсир этувчи инфратузилма ўрганилиб, бинодаги айрим қисмларни таъмирлаш ҳамда ўқув хоналаридаги доскаларни янгилаш зарурлиги қайд этилди.
Фарғона техника университетида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган инфратузилма ва имкониятларини ўрганиш билан бир қаторда, ушбу соҳада муайян камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Мазкур йўналишни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Таҳлил якунларига кўра, ҳудудлардаги ижобий тажрибалар билан бир қаторда, ечим талаб этадиган масалалар ҳам аниқланди. Барча таклиф ва муаммолар умумлаштирилиб, тегишли давлат органларига амалий чоралар белгилаш учун тавсиялар тайёрланади.
Айтиш лозимки, мазкур мониторинг Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги натижадорлигини баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларни шакллантиришга хизмат қилди.