• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ИЖРОСИ ЎРГАНИЛМОҚДА

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Наманган вилоятида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ҳудудларда қай даражада амалга оширилаётганини ўрганишга қаратилган мониторинг олиб борилмоқда.

17–21 август кунлари ўтказилаётган тадбирлар доирасида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижроси таҳлил қилинмоқда.

Мониторингнинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг амалдаги натижаларини ҳудудлардаги реал ҳолат билан солиштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантиришдан иборат.

Шу мақсадда Наманган вилояти ҳокимлигида давлат ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мулоқот ўтказилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мамлакат тараққиётидаги ўрни, унда белгиланган устувор мақсадлар ва уларни ҳудудлар кесимида таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Наманган вилояти ва унинг ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, аҳоли учун долзарб бўлган масалалар, уларнинг ечими бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг натижадорлиги юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни тизимли ўрганиш ва уларнинг ечими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун, мониторинг тадбирлари доирасида Наманган вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳам ўрганишлар олиб борилиб, ҳудудларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси, аҳоли учун яратилган шароитлар ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилади.

Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда ҳудудларда белгиланган вазифалар ижросини янада самарали ташкил этиш бўйича тегишли таклифлар шакллантирилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати