• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТРАНСПОРТ-ЛОГИСТИКА ВА РАҚАМЛАШТИРИШ СОҲАЛАРИДА ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 20 август куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлил маркази (ITTLLDC) ижрочи директори Дулгуун Дамдин-Од билан учрашди.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ITTLLDC ўртасида таҳлилий ва экспертлик ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган савдо, транзит ва транспорт муаммолари юзасидан фикр алмашилди.

Марказ ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистон учун транспорт-логистика, рақамлаштириш, “яшил” энергетика ва иқтисодий барқарорлик масалалари долзарб аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу муносабат билан илғор хорижий тажрибани ўрганиш, таҳлилий материаллар ва тадқиқот натижалари билан алмашиш, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирокида қўшма экспертлик муҳокамаларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этди.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлил маркази ижрочи директори Дулгуун Дамдин-Од ITTLLDC фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот бериб, ташкилот денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суриш, улар дуч келаётган муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотлар олиб боришини таъкидлади.

Шунингдек, у халқаро транспорт йўлакларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, транзит жараёнларини такомиллаштириш, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига тўхталди. “Яшил” энергетикага ўтиш ва иқтисодиётнинг ташқи инқирозларга барқарорлигини ошириш ҳам ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишлари экани қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар мазкур мавзулар бўйича мулоқотларни давом эттириш, ўзаро тажриба ва таҳлилий материаллар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилашга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати