• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ ХОДИМЛАРИ “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 35 ЙИЛЛИГИ” ЭСДАЛИК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, йиғилганларни юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва Ўзбекистоннинг тараққиёт салоҳиятини янада оширишга қаратилган. Бу жараёнларда ўз касби ва фаолияти орқали юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларнинг меҳнати алоҳида аҳамият касб этади.

Сенат Раиси, шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” марказининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни эксперт-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва халқаро жамоатчиликка етказиш, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижросини ўрганиш ҳамда жамоатчилик мониторингини ташкил этиш борасидаги фаолиятини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари бир гуруҳ Сенат аъзолари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимларига тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида Элдор Туляков Сенат Раиси Танзила Нарбаева ва Сенат жамоасини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади. Шунингдек, улуғ айём муносабати билан Марказ жамоаси номидан Сенат раисига ташаккурнома топшириб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг самарали амалга оширилиши ва унинг ижроси устидан парламент назоратини таъминлашга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Марказ жамоаси эсдалик нишони билан тақдирланган ҳамкасбларини ушбу юксак эътироф билан самимий муборакбод этиб, уларга келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар, янги ютуқлар ва зафарлар тилайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати