• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ» МАРКАЗИ ВАКИЛЛАРИ ШАНХАЙДА: ТАЖРИБА ВА ТАҲЛИЛ

2026 йил 12–19 сентябрь кунлари Шанхай хорижий тиллар университетида ўзбекистонлик таҳлилчи-мутахассислар учун стратегик режалаштириш бўйича халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув дастурида Ташқи ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари иштирок этди.

Семинар доирасида Шанхайнинг етакчи университетлари ва илмий-тадқиқот муассасалари профессорлари, олимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида маърузалар, экспертлик учрашувлари ва амалий муҳокамалар ўтказилди.

Ўқув дастури давомида Хитой иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари ва мамлакат модернизацияси модели, йирик давлатлар ўртасидаги муносабатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳамда Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, иштирокчилар хавфсизлик, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, замонавий шаҳар бошқаруви ва стратегик режалаштириш механизмлари, Хитойнинг 15-беш йиллик режасида белгиланаётган асосий устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашди.

Семинар иштирокчиларга Хитойнинг замонавий ривожланиш ва стратегик режалаштириш тажрибасини ўрганиш, таҳлилий марказлар фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда глобал ва минтақавий жараёнларга нисбатан экспертлик ёндашувларини муҳокама қилиш имконини берди.

Айни пайтда, ташриф Ўзбекистон ва Хитой таҳлилий ҳамжамиятлари ўртасидаги профессионал мулоқотни кенгайтириш, экспертлар ўртасида тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилди.
Ўқув дастури якунида семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати