Жорий йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 14-бандида қонун нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, унинг субъектлари доирасини кенгайтириш белгиланган. 1 июлга қадар ижро этилиши кўзда тутилган мазкур банд бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
113 моддадан иборат лойиҳага кўра, (амалдаги Қонун 45 моддадан иборат) Конституциявий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлари бўйича:
- қонунларнинг конституциявийлигини аниқлаш;
- Бош прокурорнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашга оид ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилмоқда.
Қонун лойиҳасида Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлиши қайд этилган. Амалдаги ҳужжатда эса суд етти нафар судьядан иборат.
Амалдаги қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлса, лойиҳада бу чекловнинг аксини кўриш мумкин.
Лойиҳа билан Конституциявий суд суд мажлисида камида беш нафар судья иштирок этган тақдирда ишларни кўриб чиқиш ваколатига эгалиги назарда тутилаётган бўлса, амалдаги қонунда кворум учун камида тўрт нафар судья бўлиши белгиланган.
Ушбу ҳужжатдаги энг муҳим янгиликлардан бири бу – муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилаётганидир.
Қонун лойиҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлиги презумпциясининг киритилаётгани ҳам яна бир янги норма саналади. Мазкур ўзгартишга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги – Конституциявий суднинг суд муҳокамаси натижасида қабул қилинган қарори билан аниқланмагунча, конституциявий ҳисобланади.
Шу билан бирга, амалдаги таҳрирдан яна бир фарқли жиҳат – Конституциявий судга мурожаат махсус шаклни тўлдириш орқали электрон имзо билан имзоланган электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкинлиги ҳам қайд этилмоқда. Лойиҳага судьяни рад қилиш тартиби ҳам киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида бир қатор янги боблар қўшилганини ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бобида тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари, деб эътироф этилган.
Ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бобида Конституциявий суд давлат органлари ва бошқа ташкилотларга, мансабдор шахсларга ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бўлган сўровларни юбориши мумкинлиги назарда тутилгани эътиборга молик.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 6 июнга қадар давом этади. Муҳокама жараёнларида барча нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўз таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишга чорлаймиз.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати