"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
1327 | 17 Авг. 2020 й.


         

Ўзбекистонда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да
амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида
2020 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар
ШАРҲИ

2020 йилги Давлат дастурининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича биринчи ярим йилликда:
2 та Қонун;
4 та Президент Фармони;
1 та Президент Қарори;
1 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

I. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича

1.1. Прописка тизимини ислоҳ қилиш.

Прописка тизимини ислоҳ қилиш мақсадида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра:

«доимий прописка» тушунчаси ўрнига «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаси киритилди;

фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш мумкин бўлди;

оилага тарбияга олинган (патронат) болалар – тутинган ота-онанинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқарилди;

Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек уларнинг оила аъзолари мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлди.

1.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтириш.

2020 йил 14 май куни “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.

Шунингдек, шахсни ушлаш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари ҳам эндиликда видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, шахсга нисбатан қўлланиладиган процессуал мажбурлов чораси ва шахс ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг яқинларига дарҳол хабар берилиши шартлиги белгиланди. (илгари 24 соатдан кечиктирмасдан хабар берилиши шарт бўлган)

II. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш.

2.1. Судьялар фаолиятини яхшилаш.

Жорий йилнинг 10 мартида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди (2017 йилдаги давлат дастурининг 65-банди).

Қонунга мувофиқ, суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судьялар ўртасида ишларни тақсимлашга оид алоҳида модда киритилди.

Унга кўра, судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиб, муҳокама натижасидан манфаатдор шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда тақсимланади.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодекс даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилиши мумкинлигига оид норма билан тўлдирилди.

2.2. Суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш.

2020 йил 24 март кунги Ҳукумат қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомлар тасдиқланди. (2018 йилги давлат дастурининг 76-банди)

Қарор билан тасдиқланган Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислар бўлган ташкилот ҳисобланади.

Ташкилот раҳбари сифатида фақат суд эксперти фаолият олиб бориши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фақат суд экспертизасини амалга ошириш фаолияти билан шуғулланишга ҳақли.

Низомга кўра, мазкур фаолиятни турар жойда амалга ошириш тақиқланади.

Ташкилот амалга ошириладиган суд экспертизаси нархларини мустақил белгилайди.

Адлия вазирлиги расмий веб-сайтида нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтинги юритилади.

Қарор билан, шунингдек, Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби тўғрисидаги ҳамда Суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

2.3. Судлар фаолиятига доир статистика.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тақдим этилган хисоботга кўра, 2020 йил 6 ойида маъмурий судлар томонидан биринчи инстанцияда кўриб томомлаган иш ва материаллар сони 177 463 тани ташкил этади. (2019 йилда 205 118 та иш ва материаллар кўриб чиқилган)

2020 йил 6 ойида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар сони 92 348 тани ташкил этади. (2019 йилда 91 744 та ишлар кўрилган)

2020 йил 6 ойида иқтисодий ишлари бўйича судларга келиб тушган ариза ва даъво аризалар сони 56 368 тани ташкил этади (2019 йилда 111 034 та).

Кўрилган ишлар сони 2020 йил 6 ойида 51727 та (2019 йилда 95 418та) шундан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларни ҳуқуқий ҳимоя этишга оид кўрилган ишлар 2020 йил 6 ойида 14255 та (2019 йилда 15643 та);

Ундирилиши белгиланган маблағ миқдори 2020 йил 6 ойида 2,9 трлн.сўм (2019 йилда 5,8 трлн.сўм) шундан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилиши белгиланган маблағ миқдори 2020 йил 6 ойида 824,7 млрд.сўм (2019 йилда 623,8 млрд.сўм)

2020 йил 6 ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда кўриб тамомланган жиноят ишлари сони 13 991 тани (17 251 нафар шахсга) ташкил этади. (2019 йилда 14 269 та ишлар кўрилган (18 745 нафар шахсга))

Биринчи инстанция судлари томонидан кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича шахслар:

Ҳукм чиқарилган ишлар бўйича шахслар сони:

2020 йил 6 ойида 13 366 нафар шахсга;

2019 йил 6 ойида  15 371 нафар шахсга;

Ишлари тугатилган шахслар сони:

2020 йил 6 ойида 3783 нафар шахсга;

2019 йил 6 ойида 3311 нафар шахсга;

Бошқалар:

2020 йил 6 ойида 102 нафар шахсга;

2019 йил 6 ойида 63 нафар шахсга;

Суд залидан қамоққа олинганлар ва озод этилганлар:

Қамоққа олинганлар сони 2020 йил 6 ойида 859 нафар шахс (2019 йил 6 ойида 863 нафар шахс);

Озод этилганлар сони 2020 йил 6 ойида 1455 нафар шахс (2019 йил 6 ойида 1595 нафар шахс);

2020 йил 6 ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ярашув ишларининг кўрилиши сони 3404 тани (3565 нафар шахсга) ташкил этади. (2019 йилда 2860 та ишлар кўрилган (3043 нафар шахсга))

Жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар натижасида 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида республикада содир этилган жиноятлар сони 21 535 тага (14633) ёки 74,17 фоизга кўпайган.

Порахўрлик 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида 670 тага (344) ёки 94,77 фоизга кўпайган.

III. Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича

3.1. Коррупцияга қарши курашиш.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органини ташкил этиш бўйича “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Қарори қабул қилинди.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади.

Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани шакллантиради ҳамда уни Ўзбекистон Президенти ва Олий Мажлис палаталарига киритади.

3.2. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясини жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

3.3. Афв

2020 йил 5 февраль куни “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди.

Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этади.

2020 йил 6 март куни “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 83 нафар хотин-қиз авф этилди.

Афв этилган аёлларнинг 12 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 29 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди.

Шундай қилиб, 58 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди, 25 нафар маҳкума аёлга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 7 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади.

2020 йил 21 май куни “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилди, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

IV. Суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ёрдам ва юридик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича

4.1. Малакали кадрларни тайёрлаш.

Юридик фан ва таълимни такомиллаштириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.


3
Похожие новости