• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
I. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш
25225 | 24 Авг. 2020 й.

I. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш

1.1. Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар.

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш орқали болаларни мактабгача таълим билан кенг қамраб олинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзоланди. Қарорга кўра, республика бўйлаб давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш рағбатлантирилиб, тижорат банклари ва халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш орқали тадбиркорларга узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар ажратиш белгилаб қўйилди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Жанубий Кореянинг “Chung Construction Design” ва Сингапурнинг “Modern Montessori International Group” компанияси билан қуввати 400 ва 200 ўринли ҳамда мос равишда Тошкент шаҳрида 3,4 млн. доллар ва 1,5 млн. доллар қийматга тенг Жанубий Корея ва Сингапур модели асосида инновацион технологиялар қўлланиладиган мактабгача таълим муассасасини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 631 та оилавий типдаги МТТлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 19 401 нафар бола қамраб олинди. Натижада хусусий МТТларининг умумий сони 1383 тага етказилиб, жами нодавлат МТТларда 80 минг нафардан ортиқ бола таълим-тарбия олмоқда.  

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш бўйича дастлабки лойиҳанинг ижобий тажрибасини бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Жорий ўқув йилида 2 535 та гуруҳда республика миқёсида 6 ёшли болаларнинг 54,2 фоизини қамраб олиш кўзда тутилган, йил якунига қадар эса, мазкур кўрсатгич 75 фоизга етказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мактабгача ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш учун 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, “Ақлвой” мактабгача таълим мобиль гуруҳлари тажриба тариқасида қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобуслари негизида ташкил этилди. Мобиль таълим гуруҳларига 1920 нафар мактабгача ёшдаги бола қамраб олинди.

“Илк қадам” давлат таълим дастури асосида 6 ёшли болаларда ёзув кўникмаларини шакллантириш учун иш дафтарлар макетларини яратиш бўйича, шунингдек, ривожлантириш марказларида 3-7 ёшдаги болалар учун ишлатиладиган кўргазмали дидактик плакатлар тўпламини яратиш бўйича ишчи гуруҳ тасдиқланди.

Мажбурий бепул мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда фойдаланиладиган “Илм йўли” ривожлантириш, тарбиялаш ва таълим бериш вариатив дастури хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, тайёрлов гуруҳларида фаолият юритаётган педагогларга методик кўмак бериш мақсадида “Педагоглар ва тренерлар учун “Илм йули” вариатив дастурини жорий этиш қўлланмаси” тайёрланди.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлариниг мутахассислари учун “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг Давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 5 та мутахассислик йўналиши бўйича мослаштирилган ва уйғунлашган таълим дастури яратилди.

Коронавирус пандемияси даврида Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ота-оналарга мактабгача ёшдаги болаларга тизимли, фойдали ва ривожлантирувчи таълим беришда услубий ёрдам сифатида “Онлайн болалар боғчаси” дастурини ишлаб чиқди. Дастур ўз ичига 3-5 ёшдаги болаларга мўлжалланган “Илк қадам” ва 6 ёшдаги болаларни мактабгача тайёрлаш учун “Aқлвой” таълим лойиҳаларини қамраб олди. Онлайн машғулотлар “Болажон” телеканалида ва интернет-ресурсларда олиб борилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги 2 895 та МТТларини тезкор интернетга улаш имконияти яратилди.

1.2. Умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳаларини ривожлантириш.

Педагогик таълим соҳасини янада такомиллаштириш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун профессионал педагог кадрлар етказиб бериш ҳамда соҳага илғор таълим технологияларини жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорни имзолади.

Қарор билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори иш ҳақи тўлаш тизимини жорий қилишга қаратилган “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ таълими тизимида дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш ишларини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тайёрлаш, нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, давлат буюртмасига асосан тайёрланадиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар Халқ таълими вазирлигига ўтказилди.

Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг “Умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Республика таълим марказининг Умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий қилиш бўйича ишчи гуруҳи ва “Йўл харита”си тасдиқланди. Халқ таълими вазирлиги тизимида бугунги кунда жами 892 номдаги электрон ахборот-таълим ресурслари яратилган, тизим, видео ва аудиодарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари ҳамда дарс ишланмалари, мультимедиа иловалар, тестлар, таълимий ўйинлар бошқа қўшимча таълим ресурсларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Шунингдек, Қарорга кўра, ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

Коронавирус инфекцияси сабабли жорий қилинган карантин даврида Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун “онлайн дарслар” муваффақиятли ташкил этилди. “Онлайн дарслар”ни 200 дан ортиқ педагог олиб бориб, 3900 дан зиёд дарсни ўқувчилар ва ота-оналар эътиборига етказди. Ўқувчиларга билим бериш учун ташкил этилган бу жараённи ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар алоҳида эътироф этди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ўқувчилар учун “Онлайн-репетитор” ва “Онлайн-тўгарак”, ўқитувчилар учун эса “Онлайн касбий ривожлантириш” телевизион машғулотлар эфирга узатилмоқда.

Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Халқ таълими тизмидаги 4786 та умумтаълим мактабига қадар 4703 км оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб, юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланди.

Шунингдек, халқ таълими тизимидаги муассасаларни 2019-2021 йилларда юқори тезликдаги Интернет билан таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унга кўра, жорий йил якунига қадар 6120 та, 2021 йилда эса 488 та муассасани юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ишлари амалга оширилади.

Янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш мақсадида чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Унга кўра, профессионал таълим муассасаларининг ўқувчиларини қабул қилиш имкониятлари ва меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш асосида касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни босқичма-босқич ташкил этиш кўзда тутилган.

Карантин даврида мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари (1,04 млн. нафар) ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилди. Ходимларга масофадан туриб ишлаш имконияти яратилди.

Умуман олганда, пандемия сабабли таълим тизимининг барча босқичларида масофавий технологиялар жорий қилиниб, 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 млн. нафар ўқувчи ва 500 минг нафар талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилди. 2019-2020 ўқув йилидаги таълим муассасалари битирувчиларига давлат намунасидаги аттестат (шаҳодатнома) ва дипломлар электрон шаклда берилди.

Шу билан бир қаторда, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига дастурлаш асосларини ўқитишга йўналтирилган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси йўлга қўйилиб, уларда 69 мингдан зиёд таълим олаётганларнинг 5,8 минг нафари жорий йил биринчи ярмидаёқ курсларни муваффақиятли тугатди.

1.3. Олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳаларидаги чора-тадбирлар.

“2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилиниб, унда таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини йириклаштириш, профиль ихтисослашув соҳаларини кенгайтириш, ёшларнинг олий таълим билан қамровини кенгайтириш ва хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш масалалари назарда тутилди.

Қарорга асосан, 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул квоталари бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 103 575 нафар, сиртқи таълим шаклига 31 350 нафар, кечки таълим шаклига 5 025 нафар, магистратура учун эса – 10 425 нафар этиб тасдиқланди.

Қарор билан, шунингдек, хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилди.

Давлат илмий дастурларини шакллантириш тартибини такомиллаштириш юзасидан “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Буюк Британиянинг “Springer Nature” нашриёти билан қиймати 100 минг долларлик шартнома имзоланиб, маҳаллий олимларнинг хорижий нашрларини кескин оширишга қаратилган “Proofreading service” хизматини ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 нафардан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юбориш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.


41
Похожие новости