• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
5
3430 | 24 Авг. 2020 й.

V. Арзон уй-жойларни барпо этиш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш

5.1. Арзон уй-жойлар қуриш дастурини изчил давом эттириш.

Жорий йилда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 38 минг 718 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,5 мингтага кўпайди. Жорий йилнинг биринчи ярмида жами 43 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 фоиздан зиёдни ташкил этди.

Арзон уй-жойлар қуриш дастури бўйича жорий йил давомида қишлоқ жойларда жами 12 минг 004 та уй қурилиши мўлжалланган бўлиб, шундан 8 минг 004 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” иштирокида, 4 мингтаси янги тартибда қурилади. Шунингдек, шаҳарларда аҳолига арзон кўп квартирали уй-жойлар қурилиши борасида бу йил жами 18 минг 010 та уй қурилиши белгиланган. Шундан 4 минг 256 таси “Ўзшаҳарқурилиш инвест” иштирокида, 13 минг 754 тасини янги тартибда қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қўвватлаш вазирлигининг махсус комиссия танловидан ўтган 1586 нафар хотин-қиз рўйхати шакллантирилиб, уларга ажратилган арзон уй-жойларнинг 10 фоиз миқдоридаги бошланғич бадалини тўлаб бериш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан 34 миллиард 225 миллион сўм йўналтирди.

5.2. Ичимлик суви таъминоти ва оқава сув тизимларини ривожлантириш.

Ичимлик суви таъминоти ва оқава сув тизимларидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда истеъмолчиларни ичимлик суви билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, аҳолини ичимлик сув таъминоти даражасини 69 фоиздан 91 фоизга, шаҳарлар ва туман марказларида оқова сув тизими таъминоти даражасини 16 фоиздан 31 фоизга етказишни кўзда тутган “2035 йилгача Ўзбекистон Республикасининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова хизматларини яхшилаш мақсадларида Молия вазирлиги ҳузуридаги “Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш” жамғармаси ҳисобидан 934,2 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 328,8 млрд. сўм молиялаштирилиб, 376,9 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 520,0 км ичимлик ва 68,8 км оқова сув тармоқлари қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Европа Иттифоқининг WECOOP-3 лойиҳаси доирасида, хорижий экспертларни жалб қилиб ва халқаро тажрибани кенг қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси лойиҳасининг тузилмаси ишлаб чиқилмоқда.

5.3. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилаш.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш мақсадида, Республикада чиқиндиларни қайта ишлаш, шунингдек, чиқиндиларни атроф-муҳит ва инсон соғлиғига таъсирини олдини олиш ва камайтиришда экологик хавфсизликни таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

“Йўл харитаси”да ҳар бир ҳудуд ва корхона бўйича экологияни яхшилаш, чиқиндиларга доир ишлар юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда чиқиндиларнинг экологияга ва аҳолига зарарли таъсирини камайтириш, қаттиқ маиший чиқиндилардан иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, муқобил энергия олиш масалалари бўйича қатор халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби чора-тадбирларни ўз ичига олган.

Ҳозирги кунда чиқиндиларни тозалаш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 66 фоизни ташкил этиб, жорий йил якунигача бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш, соҳага хусусий корхоналарни кенг жалб этиш режалаштирилган. Қолаверса, республика бўйича давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш натижасида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунига қадар 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш белгиланган. Шунингдек, санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш ва қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш кўзда тутилган.


9
Похожие новости