"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“COVID-19 пандемиясининг жамиятга таъсири хавфини динамик равишда аниқлаш” мавзусида ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди


Жорий йилнинг 26 август куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилиб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳасининг янгиланган натижалари юзасидан “COVID-19 пандемиясининг жамиятга таъсири хавфини динамик равишда аниқлаш” мавзусига бағишланган онлайн – семинар бўлиб ўтди. Тадбирда вазирликлар, идоралар, илмий марказ ва институтлар ҳамда ҳалқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлари иштирок этдилар.

“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида ўтган даврда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳалқаро ва ички миграцияга, пропискага оид, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ва бошқа мавзуларга доир бир қатор техник маърузалар тайёрланди. Уларда, шунингдек, Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш бўйича қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Жумладан, ҳозирги вақтда COVID-19 пандемияси таъсирига қарши тезкор таъсир чораларини кўриш, тегишли сиёсий қарорларни қабул қилиш учун унинг мамлакатимиз фуқаролари фаровонлигига таъсирини баҳолаш нақадар муҳимлигини ҳисобга олиб, жорий йилнинг апрель-июль ойларида экспертлар томонидан мазкур йўналишда тадқиқотлар амалга оширилди, “COVID-19 пандемиясининг жамият даражасидаги таъсири хатарини динамик равишда аниқлаш” бўйича техник маъруза тайёрланди.

Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Умид Абидходжаевлар сўз олиб, ҳамкорликда олиб борилаётган мазкур тадқиқотнинг аҳамияти ҳақида иштирокчиларга маълумот бердилар.

Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси ва Марказий Осиёдаги камбағаллик ва тенглик масалалари бўйича лойиҳа раҳбари Уильям Зейтс томонидан эса мазкур тадқиқот натижалари ва хулосалари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Ушбу тадқиқот доирасида Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг хавф-хатарлари ва ижтимоий-иқтисодий таъсирлари билан боғлиқ бўлган асосий индикаторларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Маълумотларнинг мамлакатдаги энг қуйи маъмурий даража, аниқроғи маҳалла даражасидаги кўрсаткичлари шакллантирилди.

Маҳалла даражасида пандемия таъсири хавфини ўрганишнинг аҳамияти шундаки, ушбу даражадаги таҳлиллар мамлакатда ресурсларни тақсимлаш бўйича қарорларни янада такомиллаштиришга ва айниқса, маҳаллий вакиллар ижтимоий-иқтисодий инқирозга қарши чоралар дастурларини самарали амалга ошириш имкониятини яратади.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда келтирилган таҳлилларнинг мақсади энг кичик жамият даражасида, яъни маҳалла даражасида пандемия таъсирининг хавф омилларини аниқлашдир. Бунда махаллий давлат органлари сиёсий қарорлар қабул қилишда қайси ҳудудга устуворлик беришда ёки энг муҳтожларни аниқлашда фойдаланишлари мумкин бўлади.

Тадбирда шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан тадқиқот натижалари хусусида берилган саволлар қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутахассислари томонидан тегишли мулоҳазалар билдирилди, илмий марказ ва институтлар вакиллари саволларига батафсил жавоб берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати