• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
БМТ МИНБАРИДАГИ ҲАР БИР ТАШАББУС ЖАҲОН МАЙДОНИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕЙТИНГИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
4992 | 25 Сен. 2020 й.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Кутилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи мазмун-моҳиятига кўра, кенг қамровли ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани билан нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Ўз навбатида, Давлат раҳбарининг БМТ олий минбарида тарихимизда илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлагани бутун юртимиз аҳлига фахр-ифтихор бахш этди.

Шавкат Мирзиёев ушбу чиқишида жаҳон ҳамжамияти эътиборини кўплаб долзарб масалалар қатори яна бир бор Оролбўйи минтақасидаги оғир экологик вазият, жумладан, Орол денгизи муаммоларига қаратди.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда энг йирик глобал экологик фалокатлардан бири, бу Орол денгизи фожиаси бўлиб, унинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатлари туфайли минтақа, соғлиқни сақлаш, генофонд ва унда яшаётган одамлар келажагининг барқарор ривожланишига бевосита таҳдид солмоқда, шунингдек, глобал экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оролбўйи инқироз зонаси бевосита Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларини, билвосита эса, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларини қамраб олади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бугун Оролнинг қуриган қисмида 5,5 млн. гектарга тенг ҳудудда янги тузли чўл пайдо бўлган. Бу ҳудудларда йилига 90 кундан ортиқ давр мобайнида чанг бўронлари содир бўлади ва 100 млн. тоннадан ортиқ чанг ва заҳарли тузларни атмосферага кўтариб, минглаб километрларга ёйиб юборади.

Шунинг учун ҳам Орол инқирозининг атроф-муҳит ва Оролбўйи минтақаси аҳолиси ҳаётига салбий таъсирини қисқартириш, шунингдек иқлим таъсирининг янада ёмонлашишини юмшатиш ёки олдини олиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72–сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Орол денгизининг экологик фожиасига алоҳида эътибор қаратганди. Чунки Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаол мустаҳкамланишини талаб қилади. Шундан келиб чиқиб, 2018 йилнинг 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида Ўзбекистон раҳбари томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш таклиф этилди.

Ушбу ташаббус экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, яшил иқтисодиёт тамойилларини, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган замонавий технологияларни комплекс амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи технологияларни жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик миграция ва экотуризмни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида анжуман иштирокчилари эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратгани бежиз эмас. Чунки ҳозирги кунга келиб Оролбўйи ҳудуди чинакам экологик фожианинг марказига айланди. Ўзбекистон мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани, бу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилиши табиий.

Ўзбекистон раҳбари 75-сессиясидаги чиқишида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини билдирди.

БМТ махсус резолюциясини қабул қилиш ғояси 2019 йил 25 октябрда Нукус шаҳрида БМТ шафелигида бўлиб ўтган «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб номланган юқори даражадаги халқаро конференцияда қўллаб-қувватланди. Конференция якунлари бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар зонасини эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси, шунингдек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий Дастурни лойиҳаларга киритиш учун таклифлар тақдим этилди.

БМТ резолюцияси инвестицияларни рағбатлантириш ва иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ёмонлашуви, барқарор урбанизация ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, қашшоқлик ва тенгсизлик каби кенг қамровли масалаларга эътибор бериш орқали асосий хавф омилларини бартараф этиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари халқаро, минтақавий ва миллий сиёсатларнинг уйғунлигига эришиш, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик инқироз зонасида мавжуд хавф-хатарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий-иқтисодий ва экологик заифликни янада чуқур тизимли тушунишни рағбатлантиришга қаратилган инновацион чора-тадбирлар учун янада кенг имкониятлар очади.

Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш масалаларида Ўзбекистоннинг етакчи ўринларда бўлиши, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини яна бир бор намойиш этишга шарт-шароит яратади.

БМТ томонидан Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш кунининг белгиланиши эса, глобал муаммоларни ҳал қилишда сиёсий ирода ва ресурсларни сафарбар қилиш, бу борадаги муаммоли масалалар бўйича кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, шунингдек инсоният ютуқларини мустаҳкамлаш имконини беради.

Мазкур Халқаро кунни ташкил этиш ташаббусининг амалга ошиши мамлакатимиз учун қуйидаги жиҳатлар билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга:

– Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миқёсдаги экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги муҳим ҳиссаси;

– Марказий Осиё минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал этишга қўшимча ресурсларни фаол жалб этиш;

– минтақада барқарор ўсиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг муҳим ҳаётий экотизимларни муҳофаза қилиш ва тиклаш масалаларида халқаро ҳамкорликка бўлган қатъий иродасини намойиш этиш;

– глобал майдонда Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш.

Умуман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббуслари халқаро миқёсда тан олиниши мамлакатимизда экологик вазиятнинг яхшиланишига улкан ҳисса қўшиши баробарида, юртимизнинг жаҳон майдонидаги имижи мустаҳкамланиши ва рейтинги юқорилашида ҳам алоҳида ўрин тутади.

 


7
Похожие новости