• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТИЛ – ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИ БЕЛГИЛОВЧИ АСОСИЙ РАМЗЛАРИДАН БИРИ


Мамлакатимиз бўйлаб бу йил 21 октябрь санаси илк бор Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Маълумки, бу ҳақидаги Қонун 2020 йилнинг 10 апрель кунидан кучга кирганди. Шу боис ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллиги жорий йилда ўзига хос мазмун-моҳият касб этган ҳолда ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда тантана қилинади.

Айни вақтда жойларда мазкур санага бағишлаб ўтказилаётган қатор байрамолди тадбирларида дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида онлайн кўринишдаги халқаро видеоконференцияда ҳам тилимизнинг жаҳон миқёсида ортиб бораётган нуфузи, ўзбек тили ривожига қаратилаётган юксак эътибор, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди.

Анжуманда депутатлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари, тилшунос олим ва экспертлар, мутахассислар, АҚШ, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва бошқа хориж давлатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён этди:

– 1989 йил 21 октябрда, Ўзбекистон ҳали ўз мустақиллигини эълон қилмай туриб аждодларимиз узоқ йиллар орзу қилиб келган “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ушбу тарихий ҳужжатга кўра, ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Кейинги вақтларда эса, тилимиз том маънода давлат тили мақомига эришиб, халқимизни янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғвор мақсадларга сафарбар этувчи беқиёс куч сифатида намоён бўлмоқда. Бош Қомусимизда қатъий белгилаб қўйилган “мамлакатда давлат тили ўзбек тилидир”, деган конституциявий тамойилнинг амалда таъминланаётганини сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бир қатор ташкилотлар қатори «Тараққиёт стратегияси» марказининг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллангани ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Ўзбек тилига берилаётган алоҳида эътибордан руҳланиб, юртимизда фаолият юритаётган кўплаб дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам турли давраларда айнан ўзбек тилида сўзлаб, маърузалар қилаётганликларини ҳам бу борадаги ислоҳотларимиз самараси сифатида баҳолаш мумкин.

Шу ўринда, Марказимиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан доимий мониторинг ва ўрганишлар олиб бориш, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш, ўз навбатида, ўзбек тилини янада ривожлантириш ва кенг тарғиб этиш бўйича миллий ва халқаро майдонда тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам ўтказиб боришга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидламоқчиман.

Видеоконференцияда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, АҚШдаги “Ўзбек-Америка” жамияти раиси Олим Шарипов, Туркиядаги туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жамияти раиси Акбар Ясса, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ўзбеклар этномаданий жамоат бирлашмалари раиси Икром Ҳошимжонов, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбеклар маънавит-маърифат маркази раиси Илҳом Юсупов ва бошқалар ҳам ўзбек тили миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси эканини эътироф этиб, она тилимиз мадҳиямиз, байроғимиз ва гербимиз каби давлатимиз мустақиллигини белгиловчи асосий рамз экани, жорий йил 23 сентябрь куни тилимизнинг тарихда илк бор БМТнинг юксак минбаридан янграгани халқимизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этганига эътибор қаратишди.

Халқаро анжуманда иштирокчилар томонидан ўзбек тилининг жамиятимиз ҳаёти ва халқаро миқёсдаги обрўсини янада ошириш, тил софлигини сақлаш ва бойитиш, ёш авлодни она тилига ҳурмат ва муҳаббат руҳида камол топтириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш ва бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.