• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Инфляцион таргетлаш тизими қандай самара беряпти?
2562 | 09 Дек. 2020 й.

Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.
 

Инфляция даражасининг олдини олиш ҳамда нарх-наво кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик барча замонда, хусусан, ҳозирги даврда ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Шу боис кейинги йилларда юртимизда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, муайян ютуқларга эришилаётганини айтиш ўринлидир.

Бу борада, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжат билан мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётни тартибга солиш механизм ва инструментларини қўллашни кенгайтириш, пул-кредит сиёсати самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаши назарда тутилган.

Шунингдек, Фармонда Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий тамойиллари белгиланган. Инфляциянинг доимий амал қиладиган мақсадини белгилаш ва уни жамоатчиликка етказиш, пул бозоридаги фоиз ставкаларини тартибга солиш ва инфляцион жараёнларни бошқариш мақсадида пул-кредит сиёсатининг кенг қамровли инструментларини қўллаш, пул-кредит сиёсати бўйича объектив қарорлар қабул қилиш мақсадида ички ва ташқи бозорларда мавжуд очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, батафсил макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларни амалга ошириш, пул-кредит сиёсати мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш, макроиқтисодий ҳолатнинг олдиндан кўра билинишини таъминлаш ва бозор иштирокчилари ишончини шакллантириш мақсадида Марказий банкининг коммуникация сиёсатини такомиллаштириш ана шулар жумласидандир.

Хўш, ўтган даврда бу вазифалар қандай бажарилди?

Аввало, шу мақсадга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари концепцияси ҳамда 2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланганини айтиш зарур.

Шулар асосида Марказий банк жорий йилдан инфляцион таргетлаш режимига фаол ўтишни бошлади. Бунда асосий эътибор доимий мақсадли таргет сифатида 2023 йилда инфляциянинг 5 фоизлик даражасига эришишга қаратиляпти. Бу шунчаки ўйлаб топилгани йўқ, аксинча, бу борада яхши натижага эришган давлатлар тажрибаси асос қилиб олинди.

Шу ўринда ҳозирги пандемия шароити ва глобал ўсиш суръатларининг пасайиши ялпи ички маҳсулот ҳажмига, инфляция даражаси ва истеъмол нархлари индексига салбий таъсир кўрсатаётганлигини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Лекин шунга қарамай, Марказий банкнинг инфляция даражаси 2023 йил охирида 5 фоизлик таргет доирасида бўлиши кутилмоқда. Ҳар ҳолда дастлабки ҳисоб-китоблар шундан далолат бериб турибди.

Ўз-ўзидан савол туғиладики, Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда бу кўрсаткич неча фоизни ташкил қилади?

Масалан, бу кўрсаткич Россияда 4, Хитойда 3,5, Қозоғистонда 4-6 ва Қирғизистонда 5-7 фоизни ташкил этади.

Бундай шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам ички, ҳам ташқи бозорда рақобатдошлигини сақлаб қолиш вазифаси ички нархларнинг Ўзбекистон билан савдо айланмасини амалга оширадиган давлатлардаги инфляция даражасидан юқори бўлмаслигини талаб этиши ҳам ўз-ўзидан тушунарли. Шу сабабли инфляцион таргет нисбатан юқорироқ кўрсаткичда белгиланса, ички бозорда нархлар ўсиши сақланиб қолади ҳамда маҳаллий корхоналар маҳсулотлари нархи нисбатан юқори бўлади.

Албатта, мамлакатлардаги инфляция даражаси ўртасидаги тафовут импорт товарлари нархига таъсир кўрсатиб, бундай товарларга эҳтиёж ҳамда хорижий валютага бўлган талаб ошишига олиб келади. Бу эса валютамизга нисбатан девальвацион босим юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Инфляция таргетининг 5 фоиздан юқори белгиланиши айрим товарлар нархи таргетдан юқори суръатда ўсиши ва бунинг оқибатида ушбу товарлар учун аҳолининг харид қобилияти пасайишига олиб келади. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион сезилма ва кутилмалари юқори даражада шаклланишига сабаб бўлади.

Шунингдек, инфляция кўрсаткичи юқори бўлиши миллий валютага бўлган ишонч пасайишига туртки беради. Бунда миллий валютадаги жамғармалар камайиб, иқтисодиётда долларлашув кучаяди. Натижада иқтисодиётда узоқ муддатли ресурсларнинг тақчиллиги ортади, мавжуд пул ва капитал ресурсларининг нотўғри тақсимланиши юзага келади.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, мазкур масала жиддий ёндашувни талаб этади. Шу боис ҳам Олий Мажлис Сенати томонидан ушбу йўналишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Табиийки, бу масала кейинги фаолиятимизда ҳам асосий йўналишлардан бири бўлиб қолади. Зеро, инфляция таргети 5 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш ҳам биз олдимизга вазифа қилиб қўйган – халқимизни рози қилиш мақсадига ҳамоҳангдир.


 

 


2
Похожие новости