"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ — ЯНГИ УЙҒОНИШ ДАВРИНИНГ ДАСТУРИ
160 | 13 Ян. 2021 й.

Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Раисининг биринчи ўринбосари

Аниқ стратегия ва унинг истиқболига қатъий ишонган инсонлар, узоқни кўра олиш қобилиятига эга бўлмаган кишиларга нисбатан ҳаётнинг турли бурилишларию кутилмаган ҳодисаларига тайёрроқ бўлади ва уларни яхшироқ енгиб ўта олади, деган эди Уинстон Черчилл. Тўрт йил олдин давлатимиз, жамиятимиз ривожида кескин бурилиш ясаган тараққиёт таълимоти — Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Ҳар биримиз, ҳар бир оила ҳаётида унинг тутган ўрнини идрок этиш учун 2016 йилдан аввал мамлакатда вужудга келган ҳолатни холисона эслаш керак. Кўп йиллар мобайнида журъатсизлик туфайли дадил қадамларни ташламасдан, муаммолар ечимини пайсалга солиб, реал вазиятни очиқ айтишдан қўрқиб, беркитиб юрилди. Биз бутун мустақил давлатлар ҳамжамиятида энг охирги бўлиб миллий валютамизни жорий этдик.

Ўзгаришларнинг замини — ҳақиқий хусусийлаштиришга киришилмади. Ҳаққоний иқтисодий ташхис ўрнига мақтанчоқлик, ўзимизни бир қандайдир сохта, уйдирма рақамлар билан юпатиб, ўзининг қандайдир манфаатларига эга, ҳеч ким танимайдиган «хорижий экспертлар»нинг мақтовига маҳлиё бўлиб юрдик. Натижада ниҳоятда хатарли вазият вужудга келди. Аҳоли турмуш даражасининг пасайиши, ишсизлик, давлат органларининг халқ билан боғлиқлиги йўқолиши, иқтисодий эркинлик ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, коррупция, бюрократизм ҳамда бошқа авж олган иллатлар оқибатида халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончсизлиги кучайди.

Эслайман: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ректорлик қилган пайтимдаги битирувчилар 2015 йилда учрашув қиладиган бўлди. Аниқ бўлдики, 10 йил аввал даргоҳни тугатган 55 нафар курсдошнинг 49 нафари чет элда ишлаётган экан. Нима учун улар ўз мамлакатида иш тополмади ёки ишлагиси келмади? Аминман: бунинг сабаби уларда ватанпарварлик туйғуси етишмаганида эмас, ўша пайтдаги муҳит уларни Ватандан сиқиб чиқарган. Мамлакатда деҳқонлар нима етиштириши ва уни қандай нархда сотиши юқоридан белгилаб қўйиладиган тартиб жорий қилиниб, пахта хомашёси қимматбаҳо экспорт моли ҳисобланса-да, фермерларга етиштирилган ҳосил учун дунё бозорларидаги нархнинг кичик бир қисми тўланар, пахта етиштириш даромадсиз бўлиб, деҳқонлар эски совет «мажбурлаш-буйруқбозлик» тизимида ишлаб келди. Шу сабаб пахта териш мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчи, шифокорлар ва бошқа «ҳашарчилар» зиммасига юкланар ва шу боис Ўзбекистон қатор халқаро «қора рўйхатлар»га киритилиб беобрў бўлиб қолган эди.

Таниқли иқтисодчилар Д.Ажемоглу, Ж.Робинсон ўзларининг 2012 йилда чиққан машҳур «Нима учун мамлакатлар муваффақиятсиз бўлади: ҳокимият, фаровонлик ва камбағалликнинг келиб чиқиши» деган китобида Ўзбекистонни «ҳозирги кунда экстрактив (яъни аҳолининг кенг қатламлари ўз фаолиятидан келиб чиққан даромадларини тақсимлаш жараёнидан бебаҳра қиладиган — С.С.) иқтисодий тизим туфайли таназзулга учраётган мамлакатлар» қаторига киритган эди. Жаҳон Банки маълумотларига кўра, 2015 йилга келиб Ўзбекистонга келиб тушган хорижий инвестициялар ялпи ҳажми атиги 1,06 миллиард долларни ташкил қилди. Бу қўшни Қозоғистонга нисбатан 6 маротаба кам бўлган. Ҳатто Қирғизистон кўпроқ сармоя жалб қилишга қодир эди.

Киши бошига келган инвестициялар бўйича Ўзбекистон минтақада энг сўнгги ўринни эгаллаб турган. Дипломатиянинг олтин қоидаси — «душман орттириш осон, ҳамкор кўпайтириш даркор» принципини эсдан чиқарган эдик. Ўша даврда бизга хайрихоҳ, дўст давлатни топиш амримаҳол эди. Тутуриқсиз ташқи сиёсат сабабли Марказий Осиё ва Афғонистон — ён қўшни давлатлар билан, минг йиллик қон-қардош халқлар билан юзкўрмас бўлиб қолгандик. Бир чақирим нарида — чегара ортида яшаётган жигарларимизнинг иссиқ-совуқ маъракасида қатнашиш учун минг азобда қанчадан-қанча ҳужжатбозликларни енгиб, ҳадиксираб ўтиб, манзилга етиб боргунча маросим тарқаб, мулзам бўлиб, бир дардимиз икки карра ортарди.

***

2016 йилда давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган Шавкат Мирзиёевга ана шундай оғир юк мерос бўлиб қолганди. Давлатни ҳалокат ёқасидан олиб чиқиб кетиш фавқулодда чоралар, фавқулодда жасорат, фавқулодда шижоат талаб қиларди. Президент ана шу масъулиятни дадил зиммасига олди ҳамда бошқаларни ҳам ишонч билан ўз ортидан эргаштирди. Буюк давлат раҳбарларига доимо хос бўлган фазилатлардан энг муҳими бу юксак тафаккур, ҳодисалар ривожини олдиндан кўриш, жараёнларнинг ривожи ва йўналишини илмий башорат қила билишдир.

Президентимиз жамиятимиз аҳволини чуқур таҳлилига асосланган ҳолда янгиланган ички ва ташқи сиёсат дастури зарурлигини асослаб берди ва илгари сурди. Ўзгаришлар жамиятимиз, давлатимиз ривожланишининг янги мафкурасини белгилади. Халқ анчадан бери кутилган ўзгаришларни қўллаб-қувватлади. Чунки ислоҳотлар инсонлар орзу-истаклари ва умидларига ҳамоҳанг эди. Мен учун бир нарса равшан: агар ўз вақтида давлат бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилмаганда, жойларга янги ваколатлар берилмаганда, парламент, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари роли кўтарилмаганда, иқтисодий ислоҳотлар бошланмаганда, инсон ҳуқуқини кафолатлашга янгича ёндашув татбиқ этилмаганда ва батамом янги ташқи сиёсат олиб борилмаганда — бугунги кунда мамлакатимиздаги вазият ниҳоятда оғир бўлар эди.

***

Ҳаракатлар стратегияси нафақат энг етук мутахассислар, балки халқ, кенг жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўзида мужассамлагани унинг идрокий қувватини янада оширди. Жамиятимизнинг ҳар бир қатламида, барча ҳудудларда ушбу ҳужжат жонли, катта қизиқиш билан муҳокама этилганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Минглаб таклифлар илгари сурилди ва бу халқимизнинг ортиб бораётган сиёсий онги ва фаоллиги, мустаҳкам ижтимоий позицияси ва бўлаётган ҳодисаларга дахлдорлиги, бефарқ эмаслигининг далолатидир. Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти фақатгина назарий масалалар билан чекланмайди, албатта. Бу ҳужжатда мамлакатимизни ислоҳ этиш учун зарур бўлган амалий чоралар дастури аниқланган.

У аввало, Ўзбекистон миллий манфаатларини таъминлаш, айни вақтда умумбашарий демократик жараёнларнинг чуқур таҳлили асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ғоялари умуминсоний тараққиёт тамойилларига тўла-тўкис мос тушади. Ушбу ҳужжатга Ватанимиз ва хорижда катта эътибор қаратилди ва чуқур қизиқиш билан ўрганилди. Яхши эслайман, ўша кезларда Ўзбекистонга ташриф буюрган Жаҳон Банкининг вице-президенти С.Мюллер билан бўлган суҳбат чоғида Ҳаракатлар стратегиясини синчиклаб ўрганиб чиққанини қайд этиб, шуни таъкидладики, «бу жуда кучли, муайян равишда тарихий ҳужжат. У Ўзбекистонда янги давр бошланганини ифодалайди ва унда мамлакат ривожида янги динамикани белгиловчи янгича дунёқараш ва янгиланган ёндашувлар баён этилган».

***

Фикримча, янгиланган сиёсатнинг энг муҳим, кўзга ташланадиган моҳияти шундан иборатки, у баландпарвоз, ҳавойи шиорларга асосланган дастурлардан воз кечиб, том маънода инсон эҳтиёжларини илгари суришни ўзининг асосий ва бош мақсади деб белгилади. Шу жумладан, ҳудудлардаги вазиятга холисона назар ташлаш, одамларни безовта қилаётган муаммоларни беркитмасдан уларни ҳал қилиш йўлларини излаш, топиш ва ечиш ётади. Ҳаракатлар стратегиясида замонамизнинг энг долзарб муаммоларидан бири — тараққиёт назариясига оид батамом янги сўз айтилди.

Авваламбор, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш учун чуқур сиёсий ислоҳотлар, давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш зарурлигини ҳар томонлама асослаб беришига тааллуқлидир. Ушбу чуқур, Европа ва Осиё давлатлари тажрибаси таҳлили асосида қилинган хулоса шуни исботлайдики, жадал иқтисодий ўсиш, ривожланган бозор иқтисодиёти, хорижий инвестицияларни жалб қилиш замонавий сиёсий тузилма — ривожланишнинг ҳуқуқий асосларини барпо этиш ва такомиллаштиришни талаб қилади. Бежиз эмаски, Ҳаракатлар стратегияси айнан давлат бошқарув ва суд-ҳуқуқ, инсон эркинликларини таъминлаш тизимларини такомиллаштиришга бағишланган қисмлардан бошланади. Кеча одамларни бесабаб қувиб юрган ички ишлар ходимлари бугун чинакам ҳуқуқ муҳофазачисига, халқ хизматчисига айланяпти.

Прокуратура вакиллари юртдошларимизга қандай ёрдам керак деб, уйма-уй юришибди. Қачон шундай бўлган? Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижасида ҳокимиятга янги авлод сиёсатчилар келмоқда. Улар аксарият ҳолда жаҳоннинг энг нуфузли университетларида таълим олган, дунё кўрган, шижоатли шахслар. Барча даражадаги давлат органлари ва бўғинлари фаолиятига тобора шаффофлик, ҳисобдорлик хос бўлмоқда. Йиллар мобайнида четга чиқариб қўйилган фуқаролик жамияти жонланмоқда. Айнан шу аснода пандемия даврида ижтимоий ҳамкорлик, инқирозга қарши чораларнинг миллий протоколи яратилди.

Оммавий ахборот воситалари том маънода халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда, катта аудиторияга эга бўлган қарийб 300 га яқин хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Сиёсатчиларимиз, ҳукумат ва парламент аъзоларини халқ энди танимоқда. Инсонларда дахлдорлик ва унинг натижасида масъулият пайдо бўлмоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосидаги ислоҳотлар иқтисодий манёвр қобилиятини яратди. Жаҳон иқтисодиётидаги муаммоларга қарамасдан янги ислоҳотлар йиллари мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти 20 фоизга ўсди. Ниҳоятда оғир пандемия шароитида, унинг оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан 82 триллион сўмлик (қарийб 8 миллиард АҚШ доллари) комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Аҳолининг асосий қисми ўзининг даромад манбалари ва турмуш даражасини сақлаб қолишига эришилди. Нуфузли молия ташкилотлари дунёдаги саноқли мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишига йўл қўйилмаганини таъкидламоқда. Карантин чекловларига қарамасдан, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилди. Мисол учун, 1985 йилда, яъни собиқ совет давлати энг кучга тўлган пайтда Тошкент шаҳрида 1 миллион кв. метр турар жой қурилган эди. 90 йилларда бу кўрсаткич минимал даражага пасайиб кетди.

Ўтган йили, пандемия билан боғлиқ чекловларга қарамасдан пойтахтимизда 4 миллион кв.метр уй-жой барпо этилди. Мамлакат тарихида биринчи бор камбағаллик муаммосининг мавжудлиги тан олиниб, камбағал қатлам аҳолининг 12-15 фоиз атрофида эканлиги таъкидланди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил қилинди. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди. Пандемия шароитида бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.

***

Ташқи сиёсат соҳасига оид муҳим янги ёндашувлар татбиқ этилди, том маънода бурилиш амалга оширилди. Ўзбекистон ташқи сиёсати батамом янги характерга ва янги мазмунга эга бўлди. Чинакам миллий манфаатларни илгари сурувчи ташқи сиёсат вужудга келди. Унинг негизида давлатлараро объектив қарама-қаршиликлар ва табиий манфаатлар тўқнашуви, мавжуд бўлган муаммолар бўйича мулоқотга тайёрлик, миллий манфаатларни сўзсиз ва қатъий қўллаб-қувватлаган ҳолда оқилона муросага интилишга бўлган муносабатни намойиш этиш ётади.

Бу мамлакат янги раҳбариятининг минтақадаги вазиятни чуқур англаши, муаммоларни ҳал қилишга янгича ёндашиши ва мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаш омилининг ифодаси бўлди. Ўнлаб йиллар давомида энг юқори даражадаги кўп томонлама мулоқот деярли йўқлигидан сўнг, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида расмий ва норасмий алоқалар амалиёти тикланди. Яқинда муқаррар бўлиб кўринган минтақа давлатлари ўртасидаги тўқнашувлар энди бемаъни сценарийга ўхшайди.

Бугунги кунда ҳеч қандай кўп томонлама минтақавий тадбир Афғонистон вакилларисиз ўтмайди. Ва ҳозирги кунда ушбу мамлакат минтақавий жараёнларнинг узвий қисми сифатида қабул қилинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақани денгиз портлари билан боғловчи транс-афғон темирйўл йўлаги масаласи кўндаланг қўйилди. Бу Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодий алоқаларида иштирок этиш салоҳиятини оширадиган стратегик лойиҳаларни татбиқ қилишда мисли кўрилмаган имкониятларни очиб беради.

Давлатимиз раҳбари ўзининг биринчи хорижий ташрифларини айнан қўшни давлатлардан бошлагани эътиборга сазовор. Эсимда, 2017 йилнинг бошида Қозоғистонга бўлган ташриф чоғида қўшни мамлакат лидери, катта халқаро обрў ва таъсирга эга бўлган шахс Нурсултон Назарбоев чуқур самимият билан Ўзбекистон Президентига қарата «биз Сиз бошлаган ўзгаришларни 25 йил кутгандик» деган эди. Агар Президентимизнинг ташқи сиёсий дастурига қисқа таъриф берилса, уни янги йўллар очиш стратегияси деб ифодалаш мумкин.

Буни кенг маънода тушунмоқ лозим — ҳамкорлик, савдо, мулоқот учун тўсиқлар бартараф этилмоқда ва бу ўз самарасини намойиш қилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясининг ташқи сиёсатга оид қисми бу — ҳозирги замон шароитида Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш дастуридир. Ўзбекистон орқали ўтадиган маршрутларнинг жозибадорлигини оширишга йўналтирилган стратегия муҳим аҳамиятга эга, чунки транзит салоҳияти — энг даромадли товар ҳисобланади. Бу сиёсатнинг мақсади фақатгина тор маънодаги иқтисодий самара эмас. Президентимиз таъбири билан айтганда: «бир пайтлар мамлакатларимиз ҳудудидан ўтган ва бутун сайёрамизнинг асосий транспорт артерияси бўлган Буюк Ипак йўлининг янги шароитида қайта тикланишини... тинчлик ва фаровонликни таъминлашни англатади». Ҳаракатлар стратегиясининг амалий натижалари ҳақида гап кетганда алоҳида таъкидлаш керакки, халқаро миқёсда янги, батамом ўзга қиёфага эга Ўзбекистон пайдо бўлди. Мамлакатнинг жаҳондаги обрўси ва таъсири мисли кўрилмаган даражада кўтарилди.

Бунга мисоллар кўп. Улардан биттаси — БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида «Траст фонди»нинг тузилишидир. Президентимиз томонидан 2017 йилда илгари сурилган бу ташаббус қисқа давр мобайнида амалга оширилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди. Маълумки, халқаро кредитлар ҳаммага ҳам берилмайди. Юртимизда эса бугун 3 миллиард долларлик имтиёзли кредит ва грантлар жалб этиш дастури амалга оширилмоқда. Уларнинг 700 миллиони ишбилармонлар ва банкларни қўллаб-қувватлашга, 300 миллиони коммунал хўжалик инфратузилмаси узлуксиз ҳаракат қилишини таъминлашга йўналтирилади. Яқинда Осиё Ривожланиш Банки Ўзбекистонга тиббиёт тизими ва эпидемиологик хизмат модернизациясига 100 миллион доллар ажратишини эълон қилди. Пандемия туфайли, иқтисодиёт мураккаб даврни бошидан кечираётган паллада бу пул қаердан олинарди?

***

Ўзбекистоннинг тамоман янги мазмунга эга бўлган ташқи иқтисодий фаолияти асослари шаклланди. Бугунги кунда инвестициялар учун глобал ва минтақавий рақобат кучли — агар илгари инвесторлар бозорларга кириш учун курашган бўлса, энди давлатлар капитални жалб қилиш учун рақобатлашмоқда. Стратегияни ишлаб чиқиш пайтида Президентимиз берган биринчи кўрсатмалардан бири бу инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилишдан иборат бўлди. Сўнгги йилларда Стратегияни амалга ошириш доирасида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди.

Сармоялар сиёсати натижаси ўлароқ иқтисодиёт тизимида жиддий ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистонга сармоя йўналтираётган давлатлар сони 50 дан ошди. БМТнинг ЮНКТАД ташкилоти маълумотига кўра мамлакат Марказий Осиёда инвестициялар оқимининг ўсиши кўрсаткичи бўйича етакчи давлатга айланди. Бир неча йил аввал пахта толасининг атиги тўртдан бири ўзимизда қайта ишланган бўлса, яқин келажакда барча етиштирилган пахта ҳосили мамлакатимизнинг ўзида қайта ишланади. Бу эса миллий даромад ортишига олиб келмоқда. Агар авваллари катта машаққат билан етиштирилган пахта экспортидан кўпи билан 1 миллиард доллар атрофида даромад олинган бўлса, ўтган йил ўзбек тайёр текстиль маҳсулоти мамлакатга 2 миллиард доллар фойда келтирди. Ўзбекистон ўз суверен рейтингига эга бўлди ва жаҳон халқаро молиявий бозорида тўлақонли аъзо сифатида фаолият бошлади. Европа Банки миллий валютамизда биринчи кредитларни берди — бу жуда катта ютуқ.

***

Ҳаракатлар стратегияси — амалий ҳаракат дастуридир. Ўзбекистоннинг янгиланган ички ва ташқи сиёсати жамиятимизда катта умидларни уйғотди. Мавжуд муаммоларга қарамасдан, бу сиёсат юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва халқаро миқёсда ниҳоятда юқори баҳоланяпти. Шу билан бирга, бир нарсани англамоқ лозим: ислоҳотлар, агар улар чинакам ислоҳотлар бўлса, ҳеч қачон осон ўтмайди. Инсоният тарихи шуни уқтирадики, чуқур ислоҳотлар, айниқса, бошланғич босқичда, доимо муаммоларни, зиддиятларни кескинлаштиради. Ислоҳотлар учун вақт доимо танқис, улар ҳар доим таҳлика билан боғлиқ. Ўзгаришларни барқарорликка путур етказмасдан амалга ошира билиш — энг катта муаммо ва катта санъатдир. Ишонч билан айтамиз: узоқни кўзлаган бугунги шиддатли саъй-ҳаракатларнинг хайрли натижалари узоқ куттирмайди. Бир неча йилларда Ҳаракатлар стратегиясининг бугунгидан ҳам ёрқинроқ самараларини кўрамиз.

 


0
Похожие новости