"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ХАВФ-ХАТАРНИНГ “ЎЗИМИЗНИКИ” ЁКИ “БИРОВНИКИ”СИ БЎЛМАЙДИ
162 | 13 Ян. 2021 й.

Исматулла ИРГАШЕВ,
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон масалалари
бўйича махсус вакили
 

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги устувор вазифалар, тинчлик ва хавфсизликни, миллатлараро тотувликни ҳамда бағрикенглик муҳитини таъминлаш, ёшларнинг камол топишига муносиб шароит яратиш, миллий манфаатларимиз, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш, очиқ ва амалий ташқи сиёсат юритиш юзасидан аниқ “йўл харитаси”ни белгилаб берди.
 

Сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ва ишончли шериклик муносабатларини ўрнатиш ҳамда уларни янада юқорироқ босқичга олиб чиқиш масаласига жиддий эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган сиёсат натижасида минтақамизда тамомила янгича муҳит қарор топиб, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ҳамкорлик ва тараққиёт ҳудуди яратилди.
 

Президентимизнинг қарори билан Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтининг таъсис этилиши бежиз эмас. Ушбу даргоҳда минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга оид изланишлар ҳамда Марказий Осиё билан боғлиқ бўлган турли таҳдид ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқотлар олиб борилади.
 

Давлатимиз раҳбари Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми эканлигини бир неча бор турли халқаро минбарларда таъкидлаб келмоқда. Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтадиган бўлсак, ўзбеклар ва афғонлар Амударёнинг икки соҳилида яшаб келаётган бир-бирига биродар ягона халқдир. Шу нуқтаи назардан, ташқи сиёсатимизда афғон йўналиши алоҳида ўрин тутади. Шубҳасиз, ушбу давлатда узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган можарони ҳал этмай туриб, тинч ва тараққий этган Марказий Осиё ҳақида гапириб бўлмайди.
 

2018 йилнинг март ойида Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон муаммосини ҳал этиш масаласига бағишланган халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини йўлга қўйиш учун қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси бўлди. Ушбу анжуманни афғон можаросининг тинчлик йўли билан ечимини топишга қаратилган кўп йиллик халқаро уринишлардаги бурилиш нуқтаси деб баҳолашга хақлимиз. Тадбир доирасида якдиллик билан қабул қилинган “Тошкент декларацияси” дунё ҳамжамияти томонидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришга туртки бўлиб хизматқилди ва афғон муаммосини халқаро кун тартибининг марказига қайтариш имконини берди.
 

Давлатимиз раҳбарининг изчил ва қатъий ташқи сиёсати ўлароқ Тошкент нафақат қўшни мамлакат иқтисодини тиклашда балки Афғонистондаги тинчлик жараёнида ҳам муносиб ўрин эгаллаб, ўзининг алоҳида мавқеини қўлга киритди.
 

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг нуфузли мамлакатлари билан бир қаторда афғонлараро музокараларни илгари суришга кўмак берувчи 5та (Қатар, Ўзбекистон, Германия, Норвегия ва Индонезия) ҳамфикр давлатлар сафидан ўрин олган.

Республикамиз томонидан халқаро ҳамжамият билан уйғун тарзда амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли 2020 йилнинг 12 сентябрь куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида афғонлараро мулоқотнинг илк давраси бошланди.
 

Афғон масаласига ёндашувимизнинг афзаллик жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистон қўшни мамлакатдаги барча сиёсий кучлар, миллий-диний гуруҳлар ва қуролли мухолифат вакиллари, шу жумладан, “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан бирдек мувозанатли алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди.
 

Ҳозир Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида Ўзбекистоннинг фаол қатнашишига янада кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида мамлакат миллий иқтисодини тиклашга қаратилган Афғонистон бўйича махсус қўмита таъсис этиш тўғрисида илгари сурган ташаббус халқаро ҳамжамият тарафидан қўллаб-қувватланмоқда.
 

Афғонистон иқтисодиётини қайта қуриш, мамлакат ижтимоий соҳасини ривожлантириш, илмий салоҳиятини, тўлақонли маориф ва таълим тизимини барпо этиш учун малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда. Ушбу воқеликдан келиб чиқиб, Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларига таълим бериш маркази таъсис этилди. Ҳозирда ушбу ихтисослашган ўқув юртида юзлаб афғонистонлик талабалар олий таълимнинг турли йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон афғон миллий кадрларини тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Яқинда шахсан Президентимизнинг раҳнамолигида афғон шифокорларидан иборат 20 кишилик гуруҳ малака ошириш ва коронавирус касаллигини даволаш услубларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.
 

Шуни қайд этиш лозимки, оғир пандемия шароитида ҳам республикамиз Афғонистон билан чегарани ёпгани йўқ. Қўшни давлатга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи, доридармон, тиббиёт анжомлари ва инсонпарварлик ёрдами мунтазам етказиб берилди. Қўшни мамлакатнинг ташқи дунё билан савдо-сотиқ алоқалари Ўзбекистон томонидан қуриб берилган Ҳайратон — Мазори-Шариф темир йўл транспорт йўлаги орқали тўхтамай амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон томони Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш тармоғини Афғонистонда барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ амалий ишларни бошлаб юборди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистонни Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига боғлаш имконини беради ҳамда “CASA-1000” лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида минтақамиз электр энергиясини Покистон ҳамда Жанубий Осиё мамлакатларига етказиб беришга шароит туғилади.
 

Афғонистон ҳукумати ва бошқа халқаро шериклар билан биргаликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи Мазори-Шариф — Кобул — Пешовар йўналишида темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширишга тайёрмиз. Бу борада аниқ ва манзилли чоралар кўрилмоқда.
 

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарларининг Трансафғон транспорт йўлагини барпо этиш лойиҳасини молиялаштиришга оид муштарак мурожаатномаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Америка халқаро тараққиёт молия ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқа нуфузли жамғармалар раҳбарияти номига йўлланди.

 

Ушбу режанинг яқин истиқболда тўла-тўкис рўёбга чиқиши Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаш билан бир қаторда, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб этишда катта роль ўйнайди ҳамда мамлакат иқтисодининг тикланишида муҳим омил бўлиб, минглаб иш ўринларини яратиш имконини беради.
 

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ташкил этиш режалаштирилган.

 

Давлатимиз раҳбари маъно ва моҳияти нуқтаи назаридан стратегик характерга эга бўлган ўз Мурожаатномасида афғон заминида 40 йилдан буён ҳукм сураётган кескинлик ва қуролли можаро барҳам топишига, қўшни мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига қатъий ишонч билдирди. Чунки “хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин”.
 

Ўзбекистоннинг ягона мақсади — Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий юксалиши учун зарур шарт-шароит яратишдир. Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, “хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники” деб ўйламасдан, бугун халқаро ҳамжамият бирлашиб, жафокаш Афғонистон халқига унинг тинчлиги ва тараққиёти йўлида ёрдам қўлини узатиши ҳар қачонгидан муҳимдир.


0
Похожие новости