• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
БУ ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИДА ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИККА ЭРИШИШ УСТУВОР ВАЗИФА САНАЛАДИ
2795 | 27 Ян. 2021 й.

Айни кунларда кенг жамоатчилик ва экспертлар томонидан 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Унда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб олинган чоралар ҳамда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга ошириш кўзда тутилган вазифалар устувор аҳамият касб этган.

Бугунги кунда ривожланиш босқичига қадам қўйган ҳар қандай давлат учун фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда иқтисодий барқарорликка эришиш энг муҳим вазифа саналади. Шу боис Давлат дастури лойиҳасида иқтисодий соҳадаги ислоҳотларга катта аҳамият қаратилган. Жумладан, лойиҳада эълон қилинган 276 та банднинг 113 таси айнан иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига қаратилган.

Хусусан, Давлат дастури лойиҳасининг иқтисодий йўналишида биринчи галдаги вазифа сифатида озиқ-овқат нархларининг ошиб кетмаслигини таъминлашга қаратилган чоралар-тадбирлар белгиланмоқда. Бунда асосий озиқ-овқат маҳсулотларини нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик, импорт бозорида монополиянинг олдини олиш, импорт товарларини олиб киришда рақобат шароитларини яхшилаш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кафолатланган захирани яратиш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантиришда тўлиқ квота асосида сотиб олиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Давлат дастури лойиҳасининг иқтисодий ислоҳотларга қаратилган йўналишида бугунги кунда аҳоли ва кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган бюджет маблағларининг сарфланиши ҳамда давлат қарзи харажатларини шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Эндиликда, вазирлик ва идораларга бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни ўз веб-сайтларида эълон қилиб бориш мажбурияти юклатилмоқда. Бу каби ишлар самарадорлигини ўз вақтида таъминлаш учун эса маълумот бермаган ташкилотлар Ҳисоб палатаси томонидан жаримага тортилиш механизми амалиётга жорий қилинади. Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар чорак якуни бўйича Олий Мажлис палаталарига киритилиб, Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Натижада кенг жамоатчилик орасида бюджет маблағларининг сарфланишига оид салбий фикрлар туғилишининг олди олиниб, фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи ортишига эришилади.

Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида ҳам алоҳида вазифалар белгиланмоқда. Жумладан, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш ва кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш, солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги бизнес-процессларни такомиллаштириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликка чора кўришни босқичма-босқич автоматлаштириш орқали соддалаштириш, “Солиқ юки калькулятори” интерактив хизмат турини яратиш ҳамда “Soliq” мобил иловасида ўзини ўзи банд қилган шахслар учун умумреспублика банклараро процессинг маркази (Uzcard) билан ҳамкорликда қўшимча имконият ва хизматлар яратиш каби чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Бу каби вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида яширин иқтисодиётнинг олди олиниб, солиқ тушумларининг ўз вақтида бюджетга тушишига эришилади.

Бугунги кунда жамоатчилик томонидан энергетика, жумладан табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ кўплаб муаммоли масалалар кўтарилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири эса бу мамлакатимизда мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ташкилотларнинг монопол ташкилот сифатида фаолият кўрсатаётганидир. Натижада бу борада аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда бир қатор тўсиқлар юзага келган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, бу йилги давлат дастур лойиҳасида табиий газ (юридик шахсларга) ва суюлтирилган газни бозор тамойиллари асосида сотиш механизмини жорий этишга ва электр энергияси ҳисобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги каби чоралар мамлакатимиз иқтисодиётини янада либераллаштиришга, жаҳон иқтисодиёти билан глобаллашувига, Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат тақсимотидаги иштирокининг янада кенгйишига олиб келади. Жаҳон тажрибасидан маълумки, мазкур жараёнлар мамлакат иқтисодиётининг замонавийлашувига ва унга янги инновацион янгиликларнинг кириб келишига сабаб бўлади.

Фурқат ЮНУСОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи

 


3
Похожие новости