• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ПАРЛАМЕНТНИНГ РОЛИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?


Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий маркази ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни амалга оширишда парламент ролини кучайтириш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Сенат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари раислари, Олий Мажлиснинг БРМ бўйича комиссияси аъзолари, жойлардаги сенатор ва депутатлар, БМТ Тараққиёт Дастури ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда Парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ролини янада ошириш, 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби ва Мақсадлар мониторингини олиб бориш ва тарғиб қилиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Жумладан, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисида муҳим ташаббусни илгари сурганини алоҳида таъкидлаб, бугунги кунда Ўзбекистонда парламентни ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Эътироф этилганидек, ҳозирда ушбу резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан саъй-ҳаракатлар бошланган. Бу ишлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур Барқарор ривожланиш мақсадларининг энг муҳим йўналишлари Ўзбекистон учун дастуриламал вазифасини ўтайди.

Шунингдек, 2020 йилда ташкил этилган Парламент комиссиясининг асосий вазифалари БРМни қонун ижодкорлиги жараёнларига интеграциялаш ва парламент назорати самарали амалга оширилишини таъминлашдан иборат. Парламент комиссияси аъзолари иштирокида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ихтиёрий миллий шарҳининг биринчи лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ўзбекистон уни барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумга тақдим этган 49 та мамлакат сафидан биринчи марта жой олди.

Тадбирда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев, Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси М. Хўжаеванинг БРМ концепциясининг мазмун-моҳияти ва Парламент палаталари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Ушбу чора-тадбирларни изчил ва самарали амалга ошириш мақсадида семинар доирасида БМТТДнинг минтақавий ваколатхонаси ходими Михаил Пелях билан суҳбат бўлиб ўтди.

Семинарда жорий йилда Барқарор ривожланиш доирасида 5 та миллий мақсаднинг ҳолатини ўрганиш, унинг натижалари тўғрисида Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш, шунингдек, 4 та мақсадни амалга ошириш бўйича парламент сўрови лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилгани маълум қилинди.

Қизғин баҳс-мунозалар, фикр мулоҳазалар, таклиф-тавсиялар асосида ўтган семинар якунида Парламент аъзолари ва экспертлар томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламент ролини кучайтириш борасидаги келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.