• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДАГИ РОЛИ
1948 | 03 Апр. 2021 й.


Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг янги тараққиёт босқичи даврида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қарата бошлади. Мамлакатда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёни жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олди.

Давлат раҳбари томонидан мамлакатни ўрта истиқболда тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича бош дастури – Ҳаракатлар стратегияси[1] тақдим этилар экан, бу ҳужжатда ҳам жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситаларини ролини ошириш, нодавлат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, барча соҳаларда жамоатчилик назорати тизимини амалга оширишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш масалалари асосий вазифа сифатида қайд этилганини кўриш мумкин.

Бу борада, энг аввало, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ташаббускорлигини рағбатлантиришга қаратилган зарур институционал базани мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Шунингдек, янги босқичдаги ислоҳотлар жараёнида давлат органлари томонидан халқ билан мулоқот ўрнатиб, муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларда қарорлар қабул қилишда аввало аҳолининг фикрини инобатга олиш тизими шакллантирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ҳамда фуқароларнинг тиббий, ҳуқуқий билимларини ошириш ва бошқа қатор ислоҳотларда фаол иштирок этишига кенг йўл берилди.

Президент илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”[2], деган ташаббус асосида фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини амалда таъминлаш масаласи кун тартибига олиб чиқилганидан сўнг демократик ислоҳотларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаоллиги сезиларли равишда оша бошлади.

Жумладан, халқ манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, энг аввало, умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилаётгани, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари ишига аҳоли томонидан билдирилаётган танқидий муносабатлар натижасида кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал[3] ва Халқ қабулхоналари[4] ташкил этилди. Мазкур тузилмалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, шунингдек, жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш механизми ва давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонига айланди. Мурожаатлар билан ишлаш тизимининг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда[5] қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча вилоят, шаҳар ва туманларидаги Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтиб[6], аҳоли билан бевосита мулоқотни, жойларда юзага келган камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминламоқда. Халқ қабулхоналарига давлат органларининг фаолиятини ўрганиш, уларга тақдимномалар киритиш, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларни лавозимидан озод этишгача интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш ваколати берилди.

Биргина ўтган 2020 йилда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,2 миллионга яқин мурожаат бўлган. Президент Халқ қабулхоналари томонидан киритилган ахборот ва эшитилган ҳисоботлар натижасида мурожаатлар билан талаблар даражасида ишламаган 752 нафар масъул ходим жавобгарликка тортилган[7]. Шу билан бирга, кейинги вақтларда барча вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида очилган виртуал қабулхоналар орқали ҳам фуқароларнинг мурожаатлари, ариза ва шикоятлари қабул қилиниб, уларга ўз вақтида тегишли муносабат билдириб бориш амалиёти йўлга қўйилганини кузатиш мумкин. Қолаверса, барча даражадаги масъул мансабдор шахслар жойларда маҳаллалар кесимида иш олиб бориб, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича юзага келган камчиликларни аниқлаб, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида одамларнинг фикрини ўрганиб бормоқда ва шу асосда ўз ишини ташкил этиш ҳаракатида бўлмоқда[8].

Бундан ташқари, Президент Администрацияси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳудудларда мунтазам равишда оммавий сайёр қабулларини ташкил этиш тизими шакллантирилди. Биргина ўтган 2020 йилда 19 мингдан ортиқ ана шундай сайёр қабул ўтказилиб, уларда 120 мингга яқин аҳоли вакилларининг 124 мингдан ортиқ муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган[9]

Янги Ўзбекистонни шакллантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида қабул қилинаётган ҳар йилги Давлат дастурлари лойиҳасини тайёрлашда ҳам, биринчи галда аҳоли томонидан кўтариб чиқилган долзарб масалалар, ечимини кутаётган муаммолар эътиборга олиниб, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотларнинг таклифлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган танқидий чиқишлар инобатга олинмоқда. Дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганидан сўнг ҳам у умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилиб, оддий одамларнинг, мутахассис-экспертлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсиялари инобатга олинганидан сўнггина қабул қилиниб, ижрога йўналтирилмоқда[10]

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозим, янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатишга бўлган конституциявий ҳуқуқи амалда таъминланаётгани халқаро ҳамжамият эътирофига тушди[11]. Хусусан, Президент талаби билан давлат бошқаруви органлари фаолиятидаги “ёпиқ эшиклар” очилиб, шаффофлик таъминланиши натижасида, айниқса, аҳолининг ўзи хоҳлаган мавзуда танқидий фикрларини эмин-эркин билдиришига “очиқ майдон” яратиб берилди. Давлат раҳбарининг шахсан ўзи ҳам жамиятда учраётган ва оммани қийнаётган муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда, миллий ва хориж ОАВлари ҳамда бошқа манбаларда бўлаётган чиқишларни мунтазам кузатиб боради, ушбу масалалар ечимида лоқайдлик қилаётган мутасадди раҳбарларга гоҳо танбеҳ беради, гоҳо интизомий жазо чораларини қўллайди, ҳатто лавозимидан озод қилади ва бу жараёнларда фуқаролик жамияти институтларини муросасиз бўлишга даъват этади[12].

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун[13]да бу институтнинг амалда ишлайдиган, самарали механизмлари жорий қилинди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатлари тартибга солинди. Шунингдек, Президент қарори билан давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари тузилди. Бу кенгашлар қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фаол иштирок этишмоқда.

Шундай қилиб, айни вақтда янги Ўзбекистонда кучли ва эркин фуқаролик жамиятини қуришнинг, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида натижадор ҳамкорликни ташкил этишнинг, шунингдек, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим воситаси бу – жамоатчилик назорати институти экани янгиланган сиёсатнинг ўзагини ташкил этмоқда.

Шу маънода, мамлакатда жамоатчилик назорати институти фаолиятини янада ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини кучайтириш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш, мухтасар айтганда, давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Очиқ тан олиш керак, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 9200 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлса-да[14], уларнинг аксарияти жамият ҳаётида ўз ўрни ва ролини тополмаган, фаолияти сезиларли даражада эмасди. Шу билан бирга, жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланган фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан ислоҳотлар жараёнида иштирок этиш масаласи ҳам бугунги замон талабларига жавоб бермасди. Айниқса, аксарият фуқаролик жамияти институтлари давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокамаси бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш юзасидан қонуний ваколатга эга бўла туриб, бу нормани амалиётда ишлатишга етарли эътибор қарата олишмаётганди.

Шулардан келиб чиқиб, Давлат раҳбарининг ғояси асосида мамлакатнинг барча ҳудудларида ННТлар уйлари барпо этилиб, бирин-кетин фуқаролик жамиятининг мустақил институтлари ихтиёрига топширилмоқда, уларга миллий ва халқаро грантлар танловларида иштирок этиб ғолиб бўлишлари йўлида ҳуқуқий билимлар бериб борилмоқда, халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишларида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Мухтасар айтганда, ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи ННТлар ҳар томонлама фаол қўллаб-қувватланмоқда[15].

Кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида аста-секинлик билан бўлса-да, жонланиш кузатилмоқда. Айниқса, ўтган йили – пандемия шароитида ННТлар ташаббуси билан коронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилган ишлар, хайр-саховат, меҳр-оқибат акциялари, фуқаролар соғлиғини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ниҳоятда самарали бўлганини таъкидлаб ўтиш лозим[16].

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва дастурлар соғлиқни сақлаш, фан, маданият, таълим ва бошқа соҳаларда ўзининг сезиларли натижаларини бермоқда. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилувчи муҳим омил сифатида майдонга чиқмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан соҳага оид яна иккита алоҳида муҳим ҳужжат – қарор[17] ва фармон[18] қабул қилингани фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаган ҳолда жамиятда уларнинг ўрнини мустаҳкамаш йўлида яна бир катта қадам бўлди.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масаласи мазкур фармон билан тасдиқланган “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичлари асосида уларнинг рейтинги тузилади.

Шунингдек, бундан буён нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид маълумотларни ўз расмий сайти ва www.e-ngo.uz сайтига ёки мазкур сайтга ҳавола берган ҳолда бошқа очиқ ахборот манбаларига жойлаштириши мумкин бўлади. Ушбу маълумотлар ва жамоатчилик томонидан берилган баҳолар асосида ҳар йил якунлари бўйича ННТларнинг очиқлик индекси аниқланади. Бунда асосий кўрсаткичлар реал вақт режимида умумлаштириб борилади ва барчанинг танишиши учун имконият яратилади. Очиқлик индексининг якуний натижасини аниқлашда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусан жамоатчиликнинг кенг иштироки таъминланади.

Очиқлик индекси натижаси бўйича “энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” ва “энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатлари (рейтинглар) шакллантирилади.

Мазкур рейтингларга киритилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг

амалга оширган ижобий ишлари жамоатчилик ўртасида оммалаштирилади; ижтимоий шериклик доирасида давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар олишга тавсиялар (йўлланмалар, сертификатлар) берилади; моддий-техник базасини (оргтехника, компьютер, бошқа техник воситалар, бино билан таъминлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади; давлат органлари ва ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чоралари кўрилади.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистоннинг тадрижий тараққиёт йўлида учинчи секторнинг ўрни нақадар муҳим ва зарур эканини давлат раҳбари теран англайди. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёев давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлатни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш борасида долзарб ҳаётий ғоя ва ташаббусларни илгари суриб, уларнинг амалдаги ижросини таъминлаш йўлида самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори.

 

[1] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси. https://lex.uz/mobileact/3107036 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ–4947-сонли Фармони // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., -№6.

[2] Туляков Э. Давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотлар учинчи ренессанс сари дадил қадам. https://strategy.uz/index.php?news=1070

[4] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси. https://lex.uz/docs/4166958

[5] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси. https://lex.uz/docs/3336169

[6] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси. https://lex.uz/docs/4166958

[8] Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали. https://gov.uz/uz/pages/government_sites

[9] Халқ қабулхоналарига билдирилаётган мурожаат ҳамда таклифлар йирик лойиҳалар ва дастурларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 5 январь, №2-сон. http://online.anyflip.com/brpug/atkd/mobile/index.html

[10] Тараққиёт стратегияси сайти. https://strategy.uz/index.ph p?news=119&lang=uz

[11] “Янги Ўзбекистон” газетаси сайти. https://yuz.uz/news/soz-erkinligi-barqaror-taraqqiyot-masalalariga-hamnafas 

[12] Мирзиеёв Ш. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда. https://review.uz/oz/post/xalqimizga-gaz-kerak-ularning-kopchiligi-buning-uchun-tolovlarni-oz-vaqtida-halol-qilib-tolab-kelmoqda-shavkat-mirziyoyev

[13] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси. https://lex.uz/docs/3679092

[14] Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлар портали. http://e-ngo.uz/

[15] Саттарова Г. Давлат дастурида ННТларни қўллаб-қувватлаш хусусида... https://uza.uz/uz/posts/davlat-dasturida-nntlarni-qollab-quvvatlash-xususida_240877

[18] Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти.  https://uza.uz/uz/posts/2021-2025-yillarda-fuqarolik-zhamiyatini-rivozhlantirish-koncepciyasini-tasdiqlash-togrisida_246489


2
Похожие новости