• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БУХОРОДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Бухоро вилоятида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамкорлигида “
Вазирлик, идора ва ташкилотларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича масъуллар салоҳиятини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда халқаро тажриба ва амалиёт масалалари таҳлил қилинди.

Вазирлик, вилоятдаги идора ва ташкилотлар ходимлари, вилоят Кенгаши депутатлари, USAID ташкилоти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинар-тренингнингда гендер стереотиплар, камситиш ва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши масалалари, гендер тенглиги соҳасини тартибга солувчи қонунчилик базаси ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик, муаммо ва унинг ечими каби йўналишларда  олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда мазкур соҳада Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқ ва муаммолар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинган. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Айнан шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон топ-50 таликдан ўрин олди.

Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Шу билан бирга, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.

Шу билан бирга, тадбирда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури мутахассислари томонидан иштирокчилар учун гендер таълимининг долзарблиги, гендер ёндашувда иш олиб бориш сабоқлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Хусусан, қонунчилик ижроси ва таъминотида гендер тенглигига риоя қилмаслик натижасида қандай муаммоли фактлар вужудга келаётгани, уларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар ва сабаблар интерфаол услубда очиб берилди.

Шунингдек, семинарда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. Бунда аёллар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, мамлакат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида аёллар ҳисобига раҳбар кадрлар сафини кенгайтириш, уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш баробарида, хотин-қизларнинг ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлишларини таъминлашга доир масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Cенатининг 15 ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар Гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилингани, ҳужжат Пекин Декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашишда муҳим ҳужжат эканлиги қайд этиб ўтилди.

Қизғин савол-жавоб тарзидаги муҳокамаларга бой бўлган тренинг якунида гендер тенглик масалалари юзасидан иштирокчи аёллар гуруҳларга бўлиниб, турли ўйин ва баҳс-мунозаралар тарзида семинар-тренинг доирасида эгаллаган билимларини мустаҳкамлашди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати