• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Туркиянинг Стратегик фикр институти (Institute of Strategic Thinking) ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди


Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафтада “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси Туркияда ишчи ташриф билан бўлиб қайтди. Ташриф доирасида Туркиянинг юқори нуфузга эга бўлган бир қатор “ақл марказлари” ва нуфузли олий таълим муассасалари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Жумладан, Марказ делегацияси ташриф доирасида 40 дан ортиқ давлатлардан ташриф буюрган талабалар иштирокида Анқарадаги Стратегик фикр институтида бўлиб ўтган тадбирда ҳам иштирок этишди.

2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Стратегик фикр институти бугунги кунда Туркиянинг ички ва ташқи асосий стратегик мақсадлари ва муаммолари ечимлари бўйича ғоялар яратиш, уларни амалиётга тадбиқ этишга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш билан шуғилланиб келмоқда. Шу мақсадда институт томонидан турли хилдаги халқаро даражадаги давра суҳбатлари, конференциялар ва ақлий ҳужумлар ташкил этилиб, йиллик ҳисоботлар чоп этиб келинади.

Конференцияда сўзга чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекисонда амалга оширилаётган ислоҳотлар: таҳлил ва истиқболдаги устувор мақсадлар” мавзусида маъруза қилиб, тадбир иштирокчиларига Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада хорижнинг етакчи ақл марказлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ташқи сиёсатда минтақавий муносабатларга катта аҳамият бераётганлиги ва барқарорликни таъминлаш, айниқса Афғонистонда тинчликни сақлаш учун муҳим ташаббусларни илгари суриб келаётганлиги, бунда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги тобора ортиб бораётган алоқалар минтақавий ривожланишга ҳам катта ҳисса қўшаётганлиги эътироф этилди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан юқори даражада 15-16 июль кунлари Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилганлиги иштирокчиларга етказилди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўрнатилган алоқалар кўп қиррали эканлигини таъкидланиб, Давлат раҳбарлари ва Ҳукуматлар ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатлар барча даражадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасида ҳам кенг қиррали алоқалар ривожланишига ҳисса қўшганлиги таъкидланди.

Учрашув якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков конференция иштирокчиларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга оид саволларига батафсил жавоб берди.

Учрашув давомида Стратегик фикр институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Биргаликда долзарб масалаларда лойиҳаларни амалга оширишга, икки мамлакат орасидаги муносабатларни яхшилашга доир таклифлар юзасидан изланишлар олиб боришга келишиб олинди.

“Тараққёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати