• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯ СТРАТЕГИЯ ВА БЮДЖЕТ БОШҚАРМАСИДА


Жорий йилнинг 9 июль куни Анқара шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси аъзоларининг Туркия Президенти ҳузуридаги Стратегия ва бюджет бошқармаси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясини Туркия Стратегия ва бюджет бошқармаси раиси ўринбосари Фатиҳ Ўнлу қабул қилди.

Меҳмонлар учун дастлаб Стратегия ва бюджет бошқармаси иқтисодий моделлаштириш ва макроиқтисодиёт бўлимининг етакчи мутахассислари жамоаси томонидан ташкилот тарихи, тузилмаси, фаолият соҳалари ва йўналишлари ҳақида тақдимот ўтказилди.

Таъкидланганидек, ташкилот тарихида Стратегия ва бюджет бошқармасининг 2018 йилда Президент ҳузуридаги идорага айлантирилиши муҳим воқеа бўлди. Эндиликда мазкур бошқарма фаолиятининг асосий вазифалари стратегик тараққиёт дастурлари, стратегик режалаштириш, молиявий манбаларни тақсимлаш ва мониторингни амалга ошириш ҳисобланади. Стратегия ва бюджет бошқармаси амалга ошираётган жорий стратегия дастури 2019-2023 йилларга мўлжалланган.

Бошқарма раисининг ўринбосари Фатиҳ Ўнлу Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг юқори савияда эканини ҳамда давлат раҳбарларининг сиёсий иродалари юксак даражадалигини таъкидлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўзи раҳбарлик қилаётган Марказнинг фаолият йўналишлари ҳам бошқарма амалга ошириб келаётган саъй-ҳаракатлар билан ҳамоҳанглигини, ҳар икки ташкилотнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиши Ўзбекистон ва Туркия давлатлари учун бирдек манфаатли эканини таъкидлади.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ҳар йиллик Давлат дастурлари асосида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва аниқ натижалари ҳақида туркиялик ҳамкорларга батафсил маълумот бериб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар тегишли вазирлик-идоралар иштирокида стратегик ражалаштириш ва бюджет масалаларида давра-суҳбатлари ҳамда тажриба алмашиш бўйича туркум тадбирлар ташкил этиб боришга келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.