• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲАМКОРЛИК ҚИРРАЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси
аъзолари Туркияга ишчи ташриф доирасида жорий йилнинг 9 июль куни Анқара шаҳрида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) вакиллари билан учрашишди.

Мазкур агентлик Туркия Республикаси Бош Вазири девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. Ҳозирда ташкилотнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 140 га яқин давлатда 50 дан ортиқ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Меҳмонларни ТИКА вице-президенти Нажи Ёрулмаз қабул қилиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида жадал ўсиб бораётган ҳамкорлик муносабатларига Агентлик ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаётганидан мамнун эканини таъкидлади. Шунингдек, жаноб Ёрулмаз Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни мунтазам равишда қизиқиш билан кузатаётганини, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятлар, самарали ўзгаришлар мамлакатнинг жаҳон майдонидаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганида муҳим омил эканини қайд этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам дарҳақиқат, кейинги вақтларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик мазмун-моҳияти ва сифати жиҳатидан янги босқичга кўтарилганига эътибор қаратди. Хусусан, TIKA билан ҳамкорлик ўрнатилганидан буён Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш соҳаларида умумий қиймати 52,4 млн. долларлик 700 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, ўтган уч йил мобайнида Агентлик кўмагида умумий қиймати 26 млн. долларлик 147 та лойиҳа муваффақиятли жорий этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркиядаги бугунги мавжуд эпидемиологик вазият, пандемиянинг ҳар икки мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш ҳамда давлат бошқаруви, рақамли технологияларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг қатор долзарб масалалари, шунингдек, маданий ва тарихий меросни сақлаб қолиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, биргаликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларида ҳамкорлик қирраларини кенгайтириш ҳақида келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.