• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказнинг бир гуруҳ ходимлари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди


Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланмоқда.

Жумладан, Янги Ўзбекистонда демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва эришилган юксак натижаларни қўлга киритишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоасининг ҳам бир гуруҳ ходимлари  “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 27 август куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мукофотланганларни табриклаб, уларга келгуси фаолиятларида ҳам улкан мувоффақиятлар тилади.

— Сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб олинган асосий устувор вазифалар доирасида Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли натижадорликка эга бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бевосита ушбу натижаларга эришида марказ жамоаси ҳам ислоҳотларда фаол иштирок этиб, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинаётган Давлат дастурларининг ижросини ўз вақтида таъминлашда ўзларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.

Шу билан бирга, белгилаб олинган вазифаларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, эришилган ютуқларни миллий ва халқаро жамоатчиликка етказишда ҳам алоҳида фаоллик кўрсатиб келмоқда. Марказ ходимларининг бундай мукофотга лойиқ кўрилганлиги ходимларга рағбат бериш билан бирга алоҳида масъулият ҳам юклайди, — деди Элдор Туляков.

Шунингдек, тадбир давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятида самарали иштирок этиб, ўз вазифаларини виждонан ва сидқидилдан адо этиб, ташаббускорлик ҳамда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ марказ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг  30 йиллиги муносабати билан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати