• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ОЗАРБАЙЖОН ВА ГРУЗИЯ ЭКСПЕРТЛАРИ НИГОҲИДА


Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси, “Baku Network” халқаро сиёсат ва хавфсизлик маркази ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Грузиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори Намиқ Алиев ҳамда академия ўқитувчиси, халқаро муносабатлар эксперти Заур Мамедов, Озарбайжон Халқаро алоқаларни таҳлил қилиш маркази эксперти Нагий Ахмадов, “3rd View” таҳлилий маркази раҳбари Рауф Раджабов, “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари Илгар Велизаде, Гурузиядаги нуфузли “Georgian Times” медиа холдинги президенти Малхаз Гулашвили, таниқли сиёсатшунослар, Озарбайжон ва Грузия эксперт-таҳлилий доиралари вакиллари ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари онлайн шаклда иштирок этишди.

Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Грузиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов охирги 5 йил мобайнида Ўзбекистоннинг тараққиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, шунингдек, мамлакатда демократик ислоҳотларнинг амалга оширилишида ички ва ташқи сиёсатдаги асосий ўзгаришлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Янги босқичдаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқаро ҳамжамият билан дўстлик ва ҳамкорлик тамойилларига асосланган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида умумэътироф этилган меъёрларга ҳамоҳанг равишда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани таъкидланди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда эришилган натижалар ҳақида онлайн тақдимот ўтказди.

Тақдимот орқали Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш, шунингдек, хавфсизлик, миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ва яқин истиқболда мамлакат тараққиётининг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланган ушбу стратегия ўзаро манфаатли, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бориш, мамлакат атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлаш, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга қаратилган йиллик Давлат дастурлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилди.

Хусусан, ўтган вақт давомида халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш мақсадида жорий этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига аҳолидан келиб тушган 5,4 млн. мурожаатнинг 98,1 фоизи ҳал этилган. Қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида эса, фуқаролик иши бўйича суд қарорини кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди. Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш тартиби соддалаштирилди. Натижада, 1992 йилдан 2016 йилгача атиги 482 киши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, биргина 2020 йилда 16 298 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчи экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, кейинги вақтларда Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, очиқ ва прагматик сиёсат мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланишида муҳим омил бўлаётганини эътироф этдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати