• Ўзбек
  • Давлат дастури
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Туркияда Ўзбекистон ташқи сиёсатида эришилган натижалар ҳақида тақдимот ўтказилди


Сўнгги йиларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларга мос келадиган, яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсатдаги ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон-Туркия муносабатларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, икки давлат раҳбарлари ва Ҳукуматлараро учрашувлар доимий равишда ўтказилиб, савдо, саноат, инвестиция ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда.

Бу борада “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркиянинг етакчи “Ақл марказ”лари ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли олий ўқув юртларидан ҳисобланган Тижорат университети таклифига биноан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков университет талабалари ва мустақил экспертлар учун “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик” мавзусида тақдимот ўтказди.

Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида барча даражалардаги алоқалар жадаллашиб, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг янги сиёсий муҳити шаклланганди. Бу, энг аввало, савдо, саноат, инвестиция, энергетика, транспорт ва транзит, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, минтақа аҳолисининг ижтимоий муҳити ва турмуш шароити сифатини яхшилаш борасида умумҳудудий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали, халқ дипломатиясига таянган ҳолда биргаликда ҳал этиш имконини бермоқда.

Натижада, Марказий Осиё давлатларида ўзаро савдо айланмаси ҳажми барқарор ўсиб, сармоявий алоқалар мустаҳкамланди. Хусусан, 2016-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо айланмаси ҳажми қарийб икки баравар ўсиб, умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан 5 миллиард долларгача ошганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, 2016 йилдан бошлаб рўйхатга олинган қўшма корхоналар сони 5 баробарга ортиб, 312 тадан 1600 тага етган. Айниқса, савдо-сотиқ, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа кўплаб тармоқларида муҳим ҳамкорлик лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиш сиёсати бугунги кунда бошқа минтақа давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Биргина Афғонистон масаласида ҳам Ўзбекистон доимий равишда ўз муносабатини билдириб келмоқда. Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Афғонистонда тинч саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва мустаҳкам сиёсий тартибни йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида БМТнинг Афғонистон бўйича Доимий қўмитасини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурган бўлса, куни кеча бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Афғонистон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозимлиги ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифларини илгари сурди.

Ташқи сиёсатдаги бундай очиқ ва дўстона муносабатларнинг ривожланиши, Ўзбекистонга нисбатан нафақат Марказий Осиё, шу билан бирга, Жанубий Осиё, Хитой, Туркия, Япония, Корея, АҚШ ва Европа давлатларининг ҳам қизиқиши ортишига сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ушбу давлатлар билан илиқ ва дўстона муносабатлар ўрнатилиб, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги алоқалар янада кенгайиб бормоқда.

Тақдимот якунида университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон ташқи сиёсатида амалга оширилаётган ишлар юзасидан доимий равишда тўлақонли маълумотлар тақдим этиб келаётгани учун “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоасига миннатдорчилик билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати