Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш борасида белгиланган мақсадларга эришиш учун қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
I. Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш
Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсадида хусусий мулк дахлсизлиги ва кафолатлари кучайтирилди, мулкий, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш чоралари кўрилди.
2022 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикасининг «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
Ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солиниши, низоли вазиятларнинг олди олиниши, мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Қонунда ер участкаларининг ҳар қандай мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланди. Бунинг учун асос бўладиган алоҳида ҳолатлар рўйхати белгиланди.
2022 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бекор қилинди:
а) ерга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишда:
ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш (мазкур ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин);
ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш (ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ҳуқуқни бекор қилиш учун асос бўлади);
юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш;
ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлатнинг бошқа кўчмас мулкини бериш, бунда кўп квартирали уйлардаги турар жой берилиши мумкин;
б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга оширишда:
турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш;
суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш.
2023 йил 1 январдан Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими ҳисобланади;
3) 2022 йил 18 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, кадастр соҳасидаги айрим маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
II. Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш
Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда ушбу жараённинг бош мезони сифатида инсон қадрини белгилаш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) 2022 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан:
Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакетини бериш тартиби тўғрисидаги низом;
озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан, биринчи навбатда, туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан, етишмаган қисми бўйича эса – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида берилиши;
«дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тартиб-таомиллари Молия вазирлигининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилиши белгиланди;
2) қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш мақсадида «Қийноққа солиш бўйича ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция Факультатив протоколига (Нью-йорк, 2002 йил 18 декабрь) қўшилиш тўғрисида» Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
III. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) 2022 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида давлат органлари қарорлари бўйича берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган бир қатор тартиблар белгиланди.
Унга кўра, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.
Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш чоралари кўрилди. Шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинди;
2) 2022 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизими жорий этилди;
3) суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишувлик тамойилларини рўёбга чиқариш мақсадида, 2022 йил 3 августда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ–786-сонли Қонун қабул қилинди.
Унга асосан процессуал қонунчиликда адвокатнинг ваколатлари, шу жумладан, далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатлари кенгайтирилди;
4) «Фуқаро ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида» рукни остида республика бўйича 300 дан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
IV. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан замонавий ахборот технологияларини жорий этиш мақсадида, 2022 йил 22 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати саф бўлинмалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан:
Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди;
2023 йил 1 январдан «Е-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади;
барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти «бодикамера»га тасвирга олинади;
2) йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, 2022 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
«Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури доирасида 2022–2026 йиллар давомида:
автомобиль йўллари инфратузилмаси комплекс такомиллаштирилади;
автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизими рақамлаштирилади;
жамоат транспорти ривожлантирилади ва рақамлаштирилади;
Қорақалпоғистондаги шаҳар йўловчи транспортининг 70 та бекатида йўловчиларга зарур бўлган барча маълумотларни реал вақт режимида электрон тақдим этувчи мониторлар жойлаштирилади;
Тошкент шаҳрида 30 та автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади;
3) 2022 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини замонавий рақамли технологиялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра:
жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ва уларни рўйхатга олишнинг «Е-ҳуқуқбузарлик» ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш;
бир йил давомида такроран содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланадиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг ҳисобини бир йил давомида юритиш ва муддат ўтиши билан автоматик равишда ҳисобдан олиб ташлаш тартибини йўлга қўйиш назарда тутилди.
V. Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш
Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1) Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди;
2) 2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сон билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонунга асосан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиб, янги ташкил этилган туманлараро ижрочилари томонидан қарздор жисмоний шахслардан 236 869 та 81,4 млрд. сўмлик маъмурий жарима, солиқ қарзи ва давлат божини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари ижроси таъминланди;
ижро ҳужжатларининг мажбурий бюро органларига тааллуқлилиги институти жорий этилиб, 5 557 та 16,6 трлн. сўмлик ижро ишидан 3 178 та 8,6 трлн. сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси тамомланди;
91 та 1 млрд. 121,5 млн. сўмлик қарздор алимент тўловчиларнинг қарзи ундирувчи алимент олувчиларга Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди.
VI. Мамлакатимизда барча соҳаларга замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш
Мамлакатимизда барча соҳаларга замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали уларни рақамлаштириш, бунинг натижасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада кучайтириш ва бир қатор соҳалар вакиллари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2022 йил 17 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги ва унинг ҳудудий марказларининг вазифа, функция ва ваколатлари Адлия вазирлигига ўтказилди.
2022 йил 18 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2022 йил 1 августдан бошлаб босқичма-босқич ҳудудий адлия бошқармалари ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан барча туман (шаҳар)ларда юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмаларига юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш белгиланди.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, жумладан ушбу соҳада давлат органлари ва ташкилотларининг ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда юритиш мақсадида «Ҳуқуқий тарғиботни баҳолаш тизими» электрон портали ишга туширилди;
2) 2022 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг устувор вазифалари белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишнинг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, «Лицензия» ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи «Юридик ёрдам» ахборот тизими ишга туширилди.
Шу билан бирга, 2023 йил 1 февралдан бошлаб адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери»ни бериш амалиёти йўлга қўйилади.
VII. Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш
Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилди:
1) «Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» тарғибот ойлиги ўтказилиб, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш ҳамда шу йўналишда ўз фаолиятини олиб бораётган тадбиркор хотин-қизларнинг малакасини ошириш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш юзасидан бизнес ҳуқуқи бўйича 30 дан ортиқ ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди ва уларда 1 500 дан ортиқ хотин-қизнинг иштироки таъминланди;
2) журналистлар, блогерлар, талаба ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимларни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Ҳуқуқий саводхонлик» танлови ўтказилди ва унда 75 000 дан зиёд иштирокчи рўйхатдан ўтган ҳолда тест саволларига жавоб берди;
3) «Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим» кўрик-танлови ўтказилди, унда 1 млн.га яқин ёшлар иштирок этди.