2022 ЙИЛ – «ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА ФАОЛ МАҲАЛЛА ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР
Тараққиёт стратегияси доирасида Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича белгиланган барча ислоҳотлар халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган. Инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишнинг устувор йўналишларида қуйидаги ишлар амалга оширилди.
I. Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш
1) фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ўтказиш бўйича Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2022 йилнинг май ойида ўтказилган сайловда 9 349 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланди;
2) маҳаллаларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кучайтириш мақсадида, 2022 йил 6 июнда тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар режасига асосан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигида медиа-марказ фаолияти йўлга қўйилди;
3) ҳоким ёрдамчилари томонидан йил давомида маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида уни ўрта ва қисқа муддатда ривожлантириш бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида «Йўл харита»лари тасдиқланди.
«Йўл харита»ларида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши натижасида қуйидагиларга эришилди:
3,2 млн. нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди;
429 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилди;
425 мингта лойиҳага 9,9 трлн. сўм имтиёзли кредит ва 75 мингдан ортиқ ишсизларга 263 млрд. сўм субсидиялар ажратилди;
200 минг нафардан ортиқ аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди;
50 мингдан ортиқ «маҳаллабай» микролойиҳалардан 48 мингтаси ишга туширилиб, 239 мингта янги иш ўрни яратилди;
90 мингта юридик ва 96 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди;
43,5 минг км. ариқларни тозалаш ва 10,3 мингта вертикал суғориш қудуқларини қуриш орқали 348,6 мингдан ортиқ хонадон томорқаси сув билан таъминланди.
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш мақсади бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
II. Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини
мустаҳкамлаш
Ҳукумат ва республика ижро ҳокимияти органлари тузилмаси ва фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим 2 та ҳужжати: «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ–269-сонли Фармони; «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.
2023 йил 1 январдан мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди.
III. Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш
Божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона ва юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича 2022 йил 27 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони имзоланди.
Фармон билан 2022–2023 йилларда божхона расмийлаштирув жараёнларини рақамлаштириш бўйича «Йўл харитаси» ва божхона органларини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш дастури тасдиқланди.
Вазирлик ва идораларнинг 21 таси (34 фоизи)да сифат менежменти тизимининг халқаро стандарти (ISO: 9001) жорий қилинди.
IV. Мамлакатдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш мақсадида қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш
Қонун ижодкорлиги фаолиятида янги амалиёт – «электорат билан маслаҳатлашувлар» институти жорий этилди.
Парламент назоратини жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиётини жорий этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат Кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги 2123–IV/КҚ-348–IV-сон қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
«Ҳукумат соати» доирасида давлат бошқаруви органи раҳбариятига депутатлар томонидан онлайн равишда фуқаролардан келиб тушаётган тизимли муаммолар бўйича саволлар бериш тартиби жорий этилди.
Олий Мажлис палаталари расмий веб-сайтларида парламент назорати тадбирларининг якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этиш мақсадида фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, фуқароликни расмийлаштириш, йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш, ўлимни қайд қилиш, «автомобиль тарихи» маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик тўсиқлар қисқартирилди ҳамда амалдаги тартиб-таомиллар янада такомиллаштирилди.
2022 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонга кўра:
– 2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилди;
– аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда Адлия вазирлигининг келгуси беш йилликдаги устувор фаолият йўналишлари белгиланди;
– 2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди;
– 2022 йил 1 сентябрдан нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди;
– 2022 йил 1 июндан 38 турдаги давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмаслиги белгиланди;
– «Электрон ҳукумат» тизими доирасида маълумотларни нодавлат ташкилотларга тақдим этувчи Рақамли маълумотлар платформаси ишлаб чиқилиши белгиланди;
– 2022 йил 1 июндан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ОТМга ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилди;
– марказларда аҳоли ва тадбиркорларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилди.
– «Рақамли идора» лойиҳаси тест режимида ишга туширилди ҳамда тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинди.
V. Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш
Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш мақсадида, 2022 йил 8 августда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ЎРҚ–788-сонли Қонуни қабул қилинди.
Қонун билан давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилди.
2022 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан:
1) 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
– оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши;
– Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилиши белгиланди;
2) 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилинди;
3) бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилди.
2022 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–409-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, 2022 йил июль-сентябрь ойларида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 335 млрд. сўм маблағ ажратилди.
2023 молия йилидан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланади.