• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”
32747 | 16 Ноя. 2021 й.

Анваржон Миркамилов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси


Маълумки, шу кунларда Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар талаба ёшлар, давлат хизматчилари, олимлар, экспертлар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин ўрганилмоқда.

Шу ўринда, Президент нутқи келажакка йўналтирилгани, мамлакатни ривожлантириш стратегиясининг амалий дастури бўлганига эътиборни қаратиш лозим. Давлат раҳбари ўз маърузасида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларига атрофлича тўхталиб ўтиб, янги ғоялар, инновациялар ва янгиликларни таклиф қилди.

Ш.Мирзиёев ўз нутқида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясинининг 7 та устувор йўналишларини белгилаб берди. Мазкур концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон қилиб олинди.

Хусусан, унда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий ва маърифий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилган.

Мазкур нутқда мамлакат раҳбари келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб берар экан, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маърузанинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида давлат ва жамият бошқарувини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айланган.

Тан олиб айтиш жоизки, ўтган 5 йилда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди, бироқ шу билан бирга мазкур соҳада самарали механизмларни яратишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Келгуси 5 йилда бу борада ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар алоҳида аҳамиятга эга, албатта.

Ўтган йиллар мобайнида ижтимоий соҳада амалга оширилган ишларга назар соладиган бўлсак, ижтимоий ҳимоя ва доимий ёрдамга муҳтож шахслар билан ишлашнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янгича ишлаш механизми жорий этилди. Ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сони қарийб 1,5 баробар оширилди.

Мазкур нутқда муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказилиши ўйлаймизки, барчага бирдек маъқул бўлди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, мактабгача таълимдаги қамров даражаси 2017 йилда 27,7 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 62 фоизни ташкил қилмоқда, 2030 йилга бориб эса мазкур қўрсаткични 80 фоизга етказиш мақсад қилинганлиги ушбу соҳада ҳам улкан марраларни қўяётганлигимиздан далолат беради. Битирувчиларни олий таълим билан қамров даражаси 2016 йили 9 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 28 фоизни ташкил қилмоқда, бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Халқимиз саломатлигини таъминлаш доимо устувор вазифа бўлган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимига бюджетдан ажратилган жами маблағлар 7,1 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 14,8 триллион сўмга етди. Президент ўз нутқида ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланаётганини эълон қилиши мазкур тизимда фаолият олиб бораётган заҳматкаш шифокорларнинг меҳнатларига давлат тарафидан бўлаётган юксак эътибор намунаси, десак муболаға бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, кенг кўламли ислоҳотлар жараёни изчил давом этиб, улар сермаҳсул бўлишидан бутун халқимиз манфаатдор. Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам камарбаста бўлишига умид қиламиз.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради ҳамда ҳалқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланишига ишончимиз комил.

 


89
Похожие новости