Иқтисодий фаоллик ва ўсиш. Йил бошидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатилди.
Хусусан, 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9% ни ташкил этди. Бунда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9% га, қишлоқ хўжалиги 4,2% га, қурилиш ишлари 4,5% га ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар 5% га ўсди. Ушбу даврда аҳоли даромади реал ҳисобда 10,4% га ошди.
Инфляция ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш. Инфляцияга монетар омиллар таъсирини қисқартириш мақсадида жорий йил давомида “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди (38-банд).
Иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиб бориши ва нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10% гача пасайтириш ва келгусида 5% лик инфляцион таргетга эришиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси бугунги кунга қадар йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
2021 йилнинг сентябрь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция 10,8% ни ташкил этиб, базавий сценарий доирасидаги прогноз кўрсаткичларидан бир оз[11] юқори шаклланмоқда.
Жорий йилда умумий инфляция динамикасини белгилайдиган асосий драйвер озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгариши бўлиб, йиллик инфляция даражасига 6,1% бандлик оширувчи ҳисса қўшди.
Таркибий жиҳатдан барқарор компонентлардан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларининг сентябрь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 7,7 ва 8,8% ни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.
Ҳукумат томонидан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар ташқи бозорларда нархлар ўсишининг ички бозордаги нархлар даражасига ўтказма таъсирларини минималлаштириш имкониятини беради. Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб бормоқда.
Хусусан, жорий йил март ойида “Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди (39-банд). Унга кўра, 2021 йилда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ички ресурслар ҳисобидан таъминлаш даражаси оширилади.
Ҳудудлар кесимида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланди. Қарорда республика бўйича жами 2,4 млн[12] тонна картошка, 227,2 минг тонна гуруч, 1,6 млн тонна гўшт, 8 трлн дона тухум ишлаб чиқариш белгиланган.
Шунингдек, 78,0 минг тонна ўсимлик ёғи, 64,0 минг тонна шакар, 300,0 минг тонна картошка, 40,0 минг тонна гўшт импорт асосида келтирилиши назарда тутилган.
Четдан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтириш мақсадлари учун тижорат банклари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга айланма маблағлар учун белгиланган тартибда кредитлар ажратилиши кўзда тутилди.
Ташқи қарз. Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинаётган давлат қарзлари суммаси ялпи ички маҳсулот йиллик прогнозининг 60% идан ошмаган миқдорда этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси номидан (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича янгидан имзоланаётган келишувларнинг соф чегаравий ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш 2,2 млрд АҚШ доллари (давлат қимматли қоғозлари 5 трлн сўм миқдорида) ва инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш 3,3 млрд АҚШ доллари ҳисобида бўлиши белгиланди.
Шу билан бирга, давлат ташқи қарзини мақбул даражада сақлаш ва валюта хатарларини самарали бошқариш мақсадида давлат қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш чораларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони[1] билан тасдиқланди (41-банд).
Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда белгиланган давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60% лик чегарасини ҳукумат томонидан “Давлат қарзи тўрисида”ги Қонун лойиҳасига киритиш режаси ва 2020 йилдан бери янги жалб қилинадиган давлат қарзига ўрнатилиб келинаётган йиллик лимитлар “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоботида алоҳида эътироф этилди.